Фестиваль доирасида лаванда гули ва ифоридан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, папайя, банан, годжи, киви, зайтунзорлардан иборат саломатлик боғи бўйлаб экосаёҳат, тиббиёт туризми ва мутахассислар намойиши, концерт ва шоу дастурлари бўлиб ўтмоқда, дея хабар бермоқда ЎзА.

Мамлакатимизда эндиликда эко, агро ва тиббиёт туризмига кенг йўл очилиб ҳам ички, ҳам хорижлик сайёҳлар учун шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Учкўприк туманидаги “Меҳригиё” кичик корхонасида ҳам бу борада янги лойиҳаларга қўл урилмоқда. Доривор ўсимликлар етиштириш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхонада юздан зиёд шифобахш гиёҳлар тайёрланмоқда.

2018 йили Ўзбекистон туризм объектлари рўйхатига киритилган. Айни кунларда 25 гектар майдонда лаванда, годжи, папайя, мушмула, қаҳва, киви, банан каби цитрус мевалардан тортиб, резавор ўсимликлар, турли доривор гиёҳлар етиштирилмоқда. Лаванда – кони фойда ўсимлик. Тиббиёт ва парфюмерияда кенг қўлланилади, суви, гули ва мойидан фойдаланиш, экспортга йўналтириш мумкин. Бу ердаги лаванда плантациялари сизни ҳайратга солиши аниқ.

Иштирокчилар лаванда боғларининг бетакрор гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, махсус рецепт асосида тайёрланган лавандали таомлар, музқаймоқ ва салқин ичимликлардан татиб кўриш, лавандазордаги унутилмас фотосессияларда иштирок этиш имкониятига эга бўлишади.
Фестивалга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан меҳмонлар, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Малайзия каби давлатлардан туристлар, инфлюенсерлар, фотосессия ихлосмандлари ва моделлар, санъаткорлар, журналистлар ва блогерлар ташриф буюрмоқда.