Давлат хизматларини барчага тезкор, самарали ва адолатли кўрсатиш учун электрон ҳукуматни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик ишончи ва шаффофлигини мустаҳкамлаш, рақамли иқтисодиётни ривожланиш жараёнида иштирок этиш ва ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ахборот-коммуникация технологиялари доимо ривожланиб, жамият, маданият ва иқтисодиётни тубдан ўзгартирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш  вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон Банки билан ҳамкорликда ўтказилган халқаро давра суҳбатида шу хусусда сўз юритиларкан, рақамли ривожланишнинг Ўзбекистон иқтисодий ўсиши учун муҳим аҳамияти алоҳида эътироф этилди. Жумладан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қабул қилиш ва 2022–2026-йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида рақамлаштиришга эътибор қаратиш – шулар жумласидандир.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ҳукумати рақамли кўникмаларни мустаҳкамлаш ҳамда рақамли иш ўринларини яратиш, шу жумладан, ёшларнинг салоҳиятини ошириш учун IТ ва бизнес жараёнлари аутсорсинги (BPO) ҳамда билим жараёнлари аутсорсинги (KPO) хизматларини кенгайтириш бўйича ўзининг изчил ишларини олиб бормоқда. Ўзбекистон ҳукумати IТ-аутсорсинг салоҳиятини ёрқин намоён этган ҳолда, аҳоли, айниқса, ёшларнинг рақамли кўникмаларини ошириш учун барча вилоят ва туманларда BPOга ихтисослаштирилган таълим муассасаларини ташкил этиб, ушбу имкониятларни кенгайтирмоқда.

Тадбирда мамлакатимиз мутахассислари ва халқаро экспертлар иштирок этиб, рақамли ривожланишнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, баҳолаш усуллари ҳамда Ўзбекистонни рақамли ривожлантириш бўйича келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритди.

Тадбир давомида Ўзбекистонда BPO хизматларини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, жумладан, бу жараёнларга ёшларни кенг жалб этиш, аутсорсингга ихтисослашган компаниялар тажрибаси ҳақида маълумот берилди.