Тадбир Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Халқаро юристлар комиссияси томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш” (EQUAL) лойиҳаси доирасида ташкил этиляпти. EQUAL лойиҳасининг асосий мақсади — фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонда камситилишга мойил бўлган гуруҳларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишга кўмаклашиш.
Беш кунлик Инсон ҳуқуқлари мактабида миллий ва халқаро тренерлар иштирокчиларга иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти учун энг яхши амалий воситалар билан илғор ва долзарб маълумотларни тақдим этди. Маърузалар, мунозаралар, амалий машғулотлар давомида халқаро ҳуқуқ ва стандартлардан миллий даражада фаол фойдаланиш воситалари қўлланилди.
Мактабда нодавлат нотижорат ташкилотлари экспертлари ва ходимлари, фуқаролик жамияти фаоллари орасидан Ўзбекистон вилоятларидан 20 нафар иштирокчи танлов асосида саралаб олинди. Мактаб фуқаролик жамияти иштирокчилари ва уларнинг ҳукуматдаги ҳамкорлари салоҳиятини ошириш ва инсон ҳуқуқлари механизмларини илгари суриш учун трамплин вазифасини ўтади.
“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари тамойилларини таълимга киритиш ва рағбатлантириш ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва жавобгарлик маданиятини шакллантиришнинг асосий стратегиясига айланди. Умид қиламизки, ушбу ёзги мактаб унинг иштирокчилари салоҳиятини оширишга ёрдам берди ҳамда адолатли ва тенг ҳуқуқли жамиятнинг узлуксиз ривожланишига ҳисса қўшди”, — деди “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.
“Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи ёзги мактаб очилиши Ўзбекистонда мутахассис-амалиётчилар учун ўзгаришларни илгари суриш ва адолатни тарғиб қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Трансформацион дастур мамлакатда инсон ҳуқуқларини илгари суриш тарафдори бўлган турли мутахассислар, фаоллар ва ҳимоячилар гуруҳини бирлаштиради. Ўйлаймизки, ушбу ёзги мактаб назария ва амалиёт ўртасидаги тафовутни бартараф этишга, иштирокчиларни ўз жамоаларида ва ундан ташқарида ижобий ўзгаришлар қилиш учун зарур ғоялар билан таъминлашга хизмат қилди”, — деди Халқаро ҳуқуқшунослар комиссиясининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастурлари директори в.в.б. Темур Шокиров.
“Ўзбекистонда биринчи марта бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича ёзги мактаби узоқ муддатли ҳамкорларимиз билан инсон ҳуқуқлари тамойилларини чуқурроқ тушуниш ва уларни амалда татбиқ этиш борасидаги ҳамкорликдаги ишимиз. Бир гуруҳ судьялар, адвокатлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, прокурорлар, фуқаролик жамияти фаолларини бирлаштирган ушбу ташаббус Ўзбекистон шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган умумий мажбуриятимизни акс эттиради. Бунда иштирокчилар инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларга эга бўлди”, — деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Матилда Богнер.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.