«2023 йил июль ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси 1218 бирликни ташкил этиб, июнь ойига нисбатан 21,8 фоизга ошди, - деб ёзади агентлик.  Ўзбекистонда Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳам 1,3 фоизга ўсган».

Нашрда компонентлар даражасидаги ўзгаришлар ҳақида аниқ маълумотлар ҳам  муштарийлар эътиборига  ҳавола  қилинган.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг июль ойида хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб варақаларидаги операциялар сони 5,3 фоизга ошган. Фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент деярли ўзгармаган. Товар-хом ашё биржасида хом ашё сотиб олиш жадаллиги 48,0 фоизга ва товар белгилари бўйича компонент 25,0 фоизга ошган.

«Ҳудудлар кесимида Қашқадарё вилоятида энг юқори ўсиш суръати қайд этилган, - дейилади мақолада. – Хусусан, 12 та ҳудудда ўтган ойга (июнь) нисбатан ўсиш кузатилди Қашқадарё (39,2 фоиз), Сирдарё (36,6 фоиз), Хоразм (26,7 фоиз) ва Сурхондарё (26,1 фоиз) вилоятларида сезиларли даражада ўсиш қайд этилди. Шу билан бирга, ушбу индексда 2 та ҳудудда, жумладан, Жиззах вилояти (- 2,7 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (- 0,6 фоиз) бироз пасайиш кузатилди».

Материалда 2023 йил июль ойида банклараро тўлов операциялари сони 5 321,2 минг тани ташкил этгани ва 2023 йилнинг июнь ойига нисбатан 268,5 минг транзакцияга ошгани хабар қилинган.

«2023 йил июнь ойида республиканинг 12 та ҳудудида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан ошди, хусусан, сезиларли даражадаги ўсиш Андижон, Сурхондарё, Хоразм, Самарқанд ва Наманган вилоятларида кузатилди. Шу билан бирга, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида мўътадил даражада пасайиш бўлган»,- қайд этади  агентлик.

Мақолада таъкидланишича, 2023 йил июль ойида савдо белгилари муҳофазаси бўйича бизнес фаоллиги индекси 1,2500 бирликни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2023 йилнинг июнь ойига нисбатан 25,0 фоизга ошган. «Жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистонда юридик шахслар томонидан 50 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган»,- деб ёзади  «Сада ал-Балад».