Ўзбекистонда миграция ҳуқуқи мустақиллик йилларидан бошлаб ривожланиб, аҳоли миграцияси ўса бошлади ва ушбу жараённи тартибга солиш ва мустаҳкамлашга қаратилган институтлар вужудга келди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги 4947-сонли Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича «Ҳаракатлар стратегияси»ни «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид давлат дастури” юртимизда миграция ҳуқуқи ривожланишининг янги даврини очиб берган фармон бўлди. 2017 йил Ўзбекистонда миграция ҳуқуқи соҳасида туб бурилиш ва ривожланиш йили бўлди, жумладан, пасспорт-виза, хорижга чиқиш-кириш тизими тубдан такомиллаштирилди. Паспорт тизимини такомиллаштириш орқали хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш юзасидан Президент фармони имзоланди ва Фармон ижроси асосида мигрантларимизга қулай шарт-шароит ва қулайликлар яратилди, мигрантлар ҳуқуқ ва эркинликлари янада мустаҳкамланди, чегара ва божхона хизматчиларининг иш фаолияти янада такомиллаштирилди ва туризм соҳаси янада жадал суръатлар билан ривожлана бошлади.
Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб қилинмайдиган, шунингдек, доимий яшаш ва вақтинча тураржойи бўйича рўйхатга олиш тартибини бузганлик фуқароларни тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юборишга асос бўлмайдиган бўлди. Чегара назоратидан ўтиш жараёни муддатини қисқартиришга қаратилган пасспорт ва чегара назорати механизмини автоматлаштириш, «электрон-дарвозалар» (Э-Гате) тизими жорий этилди. Хориждаги ватандошлар учун Ўзбекистонга келиб-кетиш, мамлакатда қолиш, меҳнат фаолиятини олиб бориш, инвеститися киритиш учун керакли шарт-шароитлар яратиш учун «Ватандош» визаси/паспорти, иқтисодиётимизга инвестиция олиб кирмоқчи бўлган хорижий давлатлар фуқаролари учун махсус инвестицион виза жорий этилди. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда доимий прописка мавжудлилиги ҳақидаги талаб бекор қилинди. Биометрик паспорт инфратузилмаси негизида Республика фуқаросининг биометрик паспорти ўрнига идентификациялаш ИД-карталарини бериш тизими жорий этилди.
Хорижга меҳнат миграциясига кетаётган ва хорижий тил ҳамда касблар бўйича малака имтиҳонларини муваффақиятли топширган фуқароларимизга рағбатлантириш тизими жорий этилди. Хорижий тиллар ёки касбларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган, «Лабор-мигратион» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган фуқароларга хорижий тиллар ёки касб бўйича муваффақиятли топширилган малака имтиҳони ҳаражатларини тўлаб бериш, хорижга кетиш учун транспорт чипталарини харид қилишга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида субсидия бериш тартиботи йўлга қўйилди. Ривожланган давлатларга, жумладан, Европа мамлакатлари, Америка Қўшма Штатлари, Канада, Япония, Австралияга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига жўнаётган фуқароларга ушбу мамлакатларда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун «ишчи виза»ни расмийлаштириш харажатлари қоплаб бериладиган бўлди. Тошкент шаҳрида Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг нуфузли ваколатхонаси очилди ва ушбу ваколатохона билан ҳамкорликда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш, меҳнат мигрантларни ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда кафолатланган тенглик меъзонларига эришиш йўлида қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Расмий маълумотларга қўшимча равишда, расмий ишлаш ёки яшаш учун рухсатномасиз, норасмий ишлаш ва бошқа виза схемалари доирасида, хусусан, Россия Федерациясига ишлаш учун кетган кишилар ҳам бўлганлиги хабар қилинган (Рязантсев ва бошқалар, 2021). Яна бир кўрсаткич сифатида, Туркия Миграцияни бошқариш агентлиги (МБР) ҳам, Туркия ҳудудида тартибга солинмаган тарзда фаолият юритаётган ўзбек мигрантларининг сони 2022 йилда 7553 нафар, 2023 йил август ҳолатига кўра эса, 4954 нафар бўлганини қайд этганини келтиришимиз мумкин. Ушбу тенденцияларни янада яхлитроқ тушуниш ва умумий кўринишга келтириш учун Ўзбекистоннинг расмий статистикасини Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия Республикаси ва Корея Республикаси миллий статистика идораларининг расмий статистик маълумотлари билан тўлдириш алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистондан кетган мигрантлар учун бешта асосий мамлакат Россия Федерацияси (1,1 миллион), кейинги ўринларда Қозоғистон (296 минг), Украина (223 минг), Туркманистон (67 минг) ва Америка Қўшма Штатлари (63 минг) бўлди (БМТ ДEСА, 2021). Бироқ 2022 йилда Ўзбекистон фуқаролари қуйидаги асосий мамлакатларга доимий яшаш учун кўчиб ўтган: Қозоғистон (79,5 фоиз), ундан сўнг Россия Федерацияси (16,4 фоиз), Марказий Осиё давлатларидан ташқари бошқа йўналишлар (2,7 фоиз), Қирғизистон (0,7 фоиз), Тожикистон (0,5 фоиз) ва Туркманистон (0,3 фоиз)ни ташкил этди (ЎзСтат, 2023). Айтиш жоизки, миграция масалалари ўз ичига фаол, ўрта ёш ва ёш аҳолини қамраб олади. Мутасадди идора томонидан ташқи миграцияга мойил бўлган аҳолининг расмий статистикаси ишлаб чиқилади ва чет эл давлатларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган Республика фуқароларининг доимий мониторинги олиб борилади. Ноқонуний миграция асосида меҳнат фаолиятини олиб бораётган аҳолининг мониторингини юритиш ва таҳлил қилиш мураккаб, чунки бу борада бир қанча мутассадди органлар жумладан, ИИВ, ўзини ўзи бошқариш органларига топшириқлар берилган бўлсада, аниқ ва мувофиқлаштирилган статистикани яратишда камчиликлар кузатилади.
Сўнгги беш йилда хорижий инвестициялар иштирокида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича бир қанча лойиҳалар ишлаб чиқилиши, етук малакага эга мутахассис сифатида чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга миграция оқимларини кўпайтирди. Биргина 2019 йилда 2639 та корхонага ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш учун рухсатномалар, 10315 та хорижий фуқароларга меҳнат фаолияти тасдиқномаси берилган.
ЎзСтат маълумотларига мувофиқ, 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакат аҳолисининг умумий сони 36 миллион кишини, мигрантлар сони эса 2,3 миллион нафарни ташкил этиб, улардан 1,1 миллион нафари эркаклар ва 1,2 миллон нафари аёллардир. 2022 йилда мигрантлар сони 2018 йилга нисбатан 21 фоизга камайди (ЎзСтат, 2023). 2020-2021 йиллардаги пасайиш CОВИД-19 тарқалишини олдини олиш учун дунё бўйлаб киритилган сафар чекловлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. 2022 йилда ўзбекистон ҳудудида рўйхатга олинган ички миграция сони 214 821 нафарни ташкил этди, шундан 40 фоизи (85,6 мингга тенг) эркаклар ва 60 фоизи (129,2 минг) аёллардир. 2022 йилда ички мигрантлар оқими 2018 йилга нисбатан 34,1 фоизга ошди (ЎзСтат, 2023). 2022 йилда 2,3 миллион кишини ташкил этган халқаро мигрантлар оқими 2018 йилга нисбатан 20,7 фоизга камайди: бунда 52 фоизини аёллар, 48 фоизини эркаклар ташкил этди (ЎзСтат, 2023). Ҳудудий тақсимотга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон ҳозирги вақтда қишлоқ жойларидан шаҳарларга доимий ички миграциянинг юқори даражасини бошдан кечирмоқда. Янги кўчиб келганларнинг 76 фоизи (164,3 мингга тенг) ички ва халқаро миқёсда шаҳарларда, қолган 24 фоизи (50,5 минг) қишлоқ жойларда истиқомат қилган (ЎзСтат, 2023) ЎзСтат маълумотларга кўра, 2022 йилда республикадан чет элга, бошқа манзилга кўчиб ўтганлар сони 880 минг нафарни ташкил этган. Худди шу манбага кўра, 2022 йилда Ўзбекистондан кетганлар сони 2018 йилга (1,76 миллион) нисбатан икки баробарга (880 минг) камайган. 2022 йилда иммиграциянинг гендер таркиби деярли тенг бўлди: 53 фоизи аёллар, 47 фоизи эркаклар (ЎзСтат, 2023). Ўзбекистонлик мигрантлар учун улар борадиган барча мамлакатлар тўғрисидаги маълумотлар чекланган бўлсада, Россия Федерациясидаги меҳнат мигрантлари сони ўзгаришининг бир қанча омиллари қуйидагилардан иборат: биринчидан, мигрантларнинг асл мамлакатларидаги умумий иқтисодий вазият ва Россия Федерациясидаги иш берувчиларнинг эҳтиёжлари; иккинчидан, Россия Федерациясига кириш тартиби, рўйхатдан ўтиш тартиблари ва Россия меҳнат бозорига кириш; учинчидан, меҳнат бозоридаги вазиятни тартибга солиш мақсадида Россия ҳукумати томонидан мигрантларни ишга жойлаштиришга нисбатан киритилган чекловлар («тўсиқлар») (иқтисодиёт тармоқлари бўйича бандлик квоталари, патент нархи). Кўпинча бу ва бошқа омилларнинг йиғиндиси мигрантларнинг тартибга солинган ва тартибга солинмаган миграция мақоми ўртасида ҳаракатланишига олиб келади. Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Миграция масалалари бош бошқармаси маълумотларига кўра, 2020 йилда Россия Федерациясида рўйхатга олинган мигрантлар ва меҳнат мигрантлари сони CОВИД-19 пандемияси билан боғлиқ чекловлар туфайли қарийб икки баробарга камайган. Россия Федерацияси коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 20 мартдан бошлаб режали ҳаво қатновларини тўхтатганлиги сабабли, давлатлар ўртасида фақат чартер (биринчи навбатда, чиқиш) рейслар амалга оширилган бўлиб, пандемия даврида кўплаб меҳнат мигрантлари Россия Федерациясини тарк эта олмади. Россия ҳукумати хорижий фуқароларнинг CОВИД-19 пандемияси даврида мамлакат ҳудудида бўлиш имкониятини бир неча бор узайтирди, жумладан 2020 йилнинг 15 июнига қадар, 2020 йилнинг 25 декабрига қадар, 2021 йилнинг 15 июнига қадар ва сўнгги бор 2021 йилнинг 30-центабрига қадар узайтирилди. Табиийки, бундай шароитда Марказий Осиё давлатларидан Россия Федерациясига меҳнат мигрантларининг оқими кескин камайди. Фақат 2021 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун чегаралар очилди. ЎзСтат маълумотларга кўра, 2022 йилда ўзбекистонлик мигрантлар оқими 221 минг нафарга тенг бўлган: жами иммигрант оқимининг 60 фоизини (132,8 минг нафар) аёллар, 40 фоизини (88,5 минг нафар) эркаклар ташкил этган. Ўзбек мигрантларининг асосий қисми шаҳарлардан 66 фоиз (145,8 минг), қолган 34 фоизи қишлоқ жойлардан (75,5 минг) бўлган (ЎзСтат, 2023).
Миграция жараёнини мувофиқлаштириш учун бир қанча долзарб масалаларга юзланиш ва муаммолар таҳлилига юзланиш зарур, жумладан,
Энг аввало, меҳнат бозоридаги ишчи кучи таклифи ва унга бўлган талаб ўртасидаги тафовутни камайтириш;
Ушбу муаммо ва соҳага оид янгича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш;
Ноқонуний миграцияни ва ноқонуний ташқи меҳнатни тартибга солиш;
Миграция жараёнларини ва бюрократияни аҳоли учун соддалаштириш ва аҳолининг барча қатламларига “тўртинчи ҳокимият” ₋ оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишларини олиб бориш;
Ёшларнинг соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларга тайёрлигини ўрганиш ва таҳлил этиш орқали қанчалик ижобий таъсир кўрсатишнинг психологик-инновацион ечимларини асослаш;
Аҳоли турмуш даражасини яна ҳам ошириш ва улар билан доимий мулоқот ва учрашувларни ташкил этиш;
Миграция соҳасидаги давлат бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш ва ушбу соҳани рақамлаштиришни ҳуқуқий тартибга солиш;
Ушбу муаммони ижобий ҳал этган ва миграция тамойилларини мувофиқлаштира олган ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаларини ўрганган ҳолатда янги инновацияларни ҳаётга тадбиқ қилиш;
Миграция масалаларини таҳлил қилиш ва статистиc маълумотларни ишлаб чиқиш учун тегишли давлат органлари, миграция билан шуғулланувчу хусусий компаниялар ва ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиши, улар билан умумий ва якдил платформа яратиш.
Миграция жараёнларини рақамлаштириш бўйича халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда миграция тизимига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича хорижий давлат тажрибаларини айрим халқаро хужжатлар ва давлатлар мисолида таҳлил қилган ҳолда, миграция соҳасида халқаро миқиёсида тизимли ишлар олиб борилаётганини ёдда тутиш лозим. Бутунжаҳон миграция сиёсати ва уни амалга ошириш тамойиллари ва тенденциялари бўйича ягона келишувга эришилмаган бўлсада, барча давлатлар томонидан миграцияни тартибга солиш бўйича янги методларни ишлаб чиқиш ва ҳар бир мамлакат миграция соҳасига янги ва замонавий технологиялар ва ахборот-коммуникация воситаларининг жорий этилиши миграция борасидаги муаммоларни ҳал қилинишига муҳим омил бўлиши мумкин.
Юсувалиева Рахима,
Ташқи ишлар вазирлиги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
“Халқаро оммавий ҳуқуқ ва давлат ҳуқуқий фанлар” кафедраси мудири,
профессор, юридик фанлар номзоди
Турғунбоев Отабек,
Ташқи ишлар вазирлиги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети,
“Халқаро ҳуқуқ” факультети талабаси