Аслида илмий изланишлар ҳам шуни тасдиқлайди: давлат фуқаролик хизматига энг иқтидорли кадрларни жалб қилиниши инновация ва янгилик, иқтисодий ўсиш ва ривожланиш, шунингдек, рақобатбардошликни таъминлашга кучли туртки берадиган омилдир.

Мазкур қарорга мувофиқ университетни тамомлаган ёшлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирасига олинади ҳамда 5 йиллик иш тажрибасидан сўнг раҳбарлик лавозимига тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади.

Шу ўринда «Миллий кадрлар захираси» деганда давлат фуқаролик хизматида раҳбарлик лавозимларини энг муносиб кадрлар билан тўлдириш учун шакллантириладиган малакали мутахассисларга оид маълумотлар базасини тушуниш лозим.

Юқори салоҳият, билим ва кўникмаларга эга кадрларни юзага чиқариш, уларни тенглик, рақобатлилик, ихтиёрийлик, шаффофлик, холислик ва очиқлик тамойиллари асосида Миллий кадрлар захирасига киритиш масаласи Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан биридир.

Бугунги кунда ушбу йўналишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан илғор хорижий тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги асосида қатор ишлар бошлаб юборилди.

Ҳозирда раҳбарлик лавозимларига профессионал ва юқори малакали номзодлар ҳақида маълумотлар базасини яратиш, давлат фуқаролик хизматида «карьера модели»ни татбиқ қилиш, захирага киритилган фуқароларни мақсадли равишда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, давлат фуқаролик хизматчиларининг хизмат поғоналарида ўсишини мониторинг қилиш ишларини ташкил қилиш йўналишларида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Номзодлар таркибига вазирлик ва идораларда, вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари ҳамда хусусий секторда самарали фаолият юритаётган шахслар, ҳудуддаги ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, хорижий давлатларда фаолият кўрсатаётган иқтидорли шахслар киритилмоқда.

Давлат бошқаруви академияси битирувчилари, «Эл-юрт умиди» жамғарма стипендиялари орқали чет элнинг етакчи олий таълим муассасаларда бакалавр, магистратура ва докторантура босқичларида таълим олган ёшлар, «Келажак лидерлари» махсус ўқув дастури битирувчилари тўғрисида маълумотлар базаси яратилмоқда. Эндиликда улар қаторига «Янги Ўзбекистон» университети битирувчилари ҳам қўшилади.

Номзодлар орасидан энг муносибларини танлаб олиш раҳбарлик кўникмаси, соҳага оид билими, маънавияти ҳамда психологик ҳолатини аниқлайдиган махсус имтиҳон ва баҳолаш натижаларига кўра захирага киритилади. Албатта, баҳолаш тизими адолат, шаффофлик ва холислик тамойилларини таъминлашга хизмат қилади.

Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея каби давлатларнинг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Агентлик томонидан электрон тизим яратилди. Мазкур электрон тизим орқали Миллий кадрлар захираси юритилади ва бошқарилади. Захирага олинган шахс ҳақида тўлиқ маълумотлар, унинг досесидан тортиб баҳолаш натижаларигача ушбу тизимдан ўрин олган.

Бугунги кунда мазкур дастурий-аппарат комплексида 12 мингга яқин раҳбар кадрлар ҳамда 4,5 миллиондан зиёд фуқаролар ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилди.

Айни дамда давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар ишини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш, Миллий кадрлар захирасини бошқариш, давлат хизматчиларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, давлат фуқаролик хизмати соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш каби йўналишларда дастлабки қадамлар қўйилди.

Ўйлаймизки, юқорида қайд этилган чоралар давлат фуқаролик хизматида инсон ресурсларини том маънода ўз касбининг ҳақиқий иқтидорлари билан бойитишга хизмат қилади ва яқин келажакда ўзининг самарасини бера бошлайди.

Тимур АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бош инспектори