Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва киносаноати вакиллари муассислигида Ўзбекистон Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ўз ишини  бошлади.  Марказ нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 апрелдаги  "Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги 6202-сонли Фармонига асосан ташкил этилди

Ўзбекистон Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази қуйидаги вазифаларни ўз ичига олади:

-  Кино санъатини жамиятнинг маънавий, маданий-маърифий ҳаётида, жумладан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда стратегик манба сифатида шакллантириш;
-  Кино саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини бозор тамойиллари асосида такомиллаштириш, шунингдек, хорижий кинокомпанияларни мамлакатга жалб қилиш ва ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш;
-  Кино саноатини иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи сифатида ривожлантириш, замонавий ва юқори технологик моддий-техник базага эга инфратузилмани яратиш;
-  Кинематография соҳасида кадрлар тайёрлаш, кино ижодкорлари ва техник ходимлари малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш;
-  Миллий сериаллар ишлаб чиқаришни давлат томонидан рағбатлантириш, анимацион фильмлар ишлаб чиқаришга ёш мультипликатор ва аниматорларни кенг жалб қилиш;
-  Соҳада муаллифлик ҳуқуқининг кафолатли ҳимоя қилинишини таъминлаш, кинопрокат тизимини ривожлантириш ва миллий фильмларни жаҳон кино бозорларига олиб чиқиш ва бошқалар.

Кинематография агентлиги Ахборот хизмати