Тадбир Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси техник кўмагида ташкил этилди. Давра суҳбати давомида иштирокчилар томонидан фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, ННТлар ўзгаришларни амалга оширишнинг асосий дастакларидан бири эканлиги, уларга бўлган эҳтиёж ва тайёрликка шубҳа йўқлиги таъкидланди.
2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгиланган. Ўзбекистонда қабул қилинган қонунчилик чора-тадбирлари натижасида, ННТлар давлат қурилишида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб, давлатнинг тўлақонли ҳамкорига айланиб, уларнинг сони изчил суръатлар билан ортиб бормоқда.
Ўтган тўрт йил мобайнида ННТлар фаолиятини тубдан яхшилаш, ривожлантириш ва соддалаштириш бўйича ишлар амалга оширилиб, ННТ фаолиятини такомиллаштириш, ривожлантириш ва соддалаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатимизни демократик янгилаш жараёнидаги ролини оширишни назарда тутувчи еттита норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ушбу соҳани ривожлантириш борасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, ННТларнинг ўрни ва аҳамияти, ижтимоий фаоллиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги ПФ-6181-сон Фармони билан 2021 – 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, 2021 – 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2021 йилда амалга ошириш “Йўл харитаси” ҳамда 2021 – 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланган.
ННТларни қўллаб-қувватлаш, ННТ ва давлат органлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, шунингдек, самарали жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича изчил ишлар қайд этилди.
Хусусан, охирги тўрт йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 1 270 дан ортиқ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан 117 миллиард сўм миқдордаги маблағлар ажратилди.
ННТлар ривожланишининг ўзига хос хусусияти сифатида уларнинг жамиятнинг барча соҳаларига кириб бориши ҳисобланади. Давра суҳбати давомида иштирокчилар қонунчиликдаги янгиликлар тўғрисида фикр алмашиш, шунингдек ННТ фаолиятининг қуйидаги йўналишларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдилар:
одам савдосига қарши курашда жамоатчилик назорати;
меҳнат муҳожирларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш;
зўравонликка учраган аёлларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш;
ННТ фаолиятининг очиқлиги индекси.
Тадбир иштирокчилари Германия, Словения ва ЕИнинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги тажрибаси, ННТларнинг парламент ва ҳукумат билан ҳамкорлиги тартиби билан танишдилар.
Давра суҳбатида Олий Мажлис палаталари, давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва халқаро институтлар вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари томонидан ННТ ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари соҳасини янада ривожлантиришга ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ҳал этишда давлат ҳокимияти ва тадбиркорлик тузилмалари билан ННТнинг ижтимоий шерикликка кўмаклашувчи таклифлар ишлаб чиқилди.