Сайловга тайёргарлик жараёни ана шу ўзгаришларга, янгиликларга асосланиб ўтказилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишга доир жами 18 та низом ва йўриқнома қабул қилинди. Ушбу низом ва йўриқномаларнинг 7 таси 2021 йилда янги қабул қилинди. 2021 йилда Сайлов кодексига киритилган ўзгартишларни инобатга олган ҳолда 2019 йилда қабул қилинган 11 та низом ва йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Маълумотларга кўра, мамлакатда ташкил этилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига жами 19 миллион 859 минг 127 нафар сайловчи киритилган. Шулардан, 9 миллион 459 минг 273 нафари ёки 48 фоизи эркаклар, 10 миллион 399 минг 854 нафари ёки 52 фоизи аёллар, 6 миллион 458 минг 283 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлар, уларнинг 887 минг 686 нафари сайловда биринчи марта овоз беради. Хорижий давлатларда тузилган 54 та сайлов участкасидаги сайловчилар рўйхатига жами 299 минг 780 нафар сайловчи киритилди.
Сайловни жами 971 нафар халқаро кузатувчи, жумладан, йигирмага яқин нуфузли халқаро ташкилотлар, хусусан Европада Хавфсизлик Ҳамкорлик Ташкилотининг Парламент Ассамблеяси ва Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тиллий давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий кенгаш Парламент Ассамблеяси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалардан жами 631 нафар, дунёнинг 50 га яқин давлатидан 340 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда.
Сайлов қонунчилигига мувофиқ, жорий йилнинг 14-20 октябрь кунлари сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш ўтказилди. Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар деб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида жами 421 минг 618 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берган бўлиб, мамлакатимиз бўйича 301 минг 94 нафар сайловчи ҳамда хорижий давлатларда 120 минг 524 нафар сайловчи-Ватандошларимиз иштирок этди.