— Замонавий тиббиёт муваффақиятларига қарамай, бугунги кунда эндокрин касалликлар дунёнинг аксарият мамлакатлари, шу қаторда Ўзбекистон учун ҳам долзарб масалага айланиб бормоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотларга кўра, ҳозирда дунё бўйича 665 миллиондан ортиқ одам эндемик бўқоқ ва қалқонсимон безнинг бошқа касалликларидан азият чекмоқда. 1,5 миллиард инсон эса ёд танқислиги касалликлари ривожланиш хавфига эга.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, дунёда қалқонсимон без касалликларининг кўпайиши йилига 5 фоизни ташкил қилмоқда.
Шунингдек, ривожланган давлатларда ҳар 10-15 йилда қандли диабет билан касалланган беморлар сони икки баробар ошиб бормоқда. Ушбу муаммонинг долзарблигини ҳисобга олган ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қандли диабетни XXI аср эпидемияси деб эълон қилган.
Бугунги кунда қалқонсимон без касалликлари, жумладан, диффуз бўқоқ ва қандли диабет мамлакатимизда энг кўп учраётган эндокрин касалликлар сирасига киради.
2020 йил 1 январь ҳолатига кўра, юртимиздаги эндокрин касалликлар таркибидаги тарқалиш бўйича:
– қалқонсимон без касалликлари 44,2 фоиз;
– қандли диабет 41,6 фоиз;
– семизлик 7,5 фоиз;
– ва бошқа эндокрин касалликлар 6,7 фоизни ташкил қилди.
Юртимизда қалқонсимон без касалликларининг тарқалиши 2017 йил билан таққосланганда 2 фоизга ошди. Бу кўрсаткич ўсиши барча вилоятларда кузатилиб, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида юқори бўлди.
Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистонда қандли диабет билан хасталанган беморлар сони 270 минг нафардан ошган бўлиб, айниқса, бу касалликнинг энг кўп тарқалиш кўрсаткичи Хоразм, Қашқадарё, Бухоро, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида кузатилди.
Шу ўринда айтиш лозимки, қандли диабетнинг 2 тури ривожланиши учун ташқи хавф омиллари орасида семизлик энг муҳим омил ҳисобланади.
Мутахассиси билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.