Шу сабабли ҳам делегация аъзоларининг навбатдаги манзили ушбу филиал учун танланган Чилонзор тиббиёт коллежи биноси бўлди.

Маълумки, мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва Ўзбекистонда юқори технологик тиббий ёрдам тизимини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштирмоқда.

Ҳамкорлик дастурини амалга оширишнинг биринчи босқичи доирасида Тошкент шаҳрида юқорида айтиб ўтилган Россия университетининг ординатурада (кейинчалик аспирантурада) юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва тиббиёт ходимларига қўшимча касбий таълим бериш бўйича филиалини очиш режалаштирилган.

Юқори малакали тиббий таълимни ташкил этишнинг асосий шарти — бу замонавий юқори технологик клиник базаларда ўқитиш, бунинг учун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ) ва академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази (РИХИАТМ) танланган.

Делегация аъзолари клиник базалар сифатида танланган ушбу тиббиёт муассасаларига ҳам ташриф буюришди.

Эслатиб ўтамиз, университет филиалини жойлаштириш учун таълим фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган бинолар мажмуасига эга бўлган ва белгиланган клиник базалар яқинида жойлашган Чилонзор тиббиёт коллежи танланган.

Филиал бинолари ва иншоотларини реконструкция қилиш (қуриш) ҳамда ўқув ва симуляция ускуналари билан жиҳозлаш билан бир қаторда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказини ҳам юқори малакали шифокорларни тайёрлаш учун зарур бўлган замонавий тиббиёт юқори технологик ускуналари билан жиҳозлаш режалаштирилган.

Лойиҳани амалга ошириш натижасида РШТЁИМ, академик В. Воҳидов номидаги РИХИАТМ Россия университетининг филиали билан биргаликда Ўзбекистоннинг етакчи консультатив, тиббий (кейинчалик илмий) ва ўқув марказларига айланади.

Талабаларни ординатура (кейинчалик аспирантура)га ўқишга қабул қилиш мамлакатимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари битирувчилари ўртасида танлов эълон қилиш йўли билан амалга оширилади.

Университет филиалининг профессор-ўқитувчилар таркиби Россия университети ходимлари, мамлакатимиз мутахассислари ва келажакда филиалнинг энг яхши битирувчиларидан шакллантирилади.

Тошкент шаҳрида Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университетининг филиали очилгандан икки йил ўтиб, Ўзбекистон ординаторларнинг биринчи битирувчиларига эга бўлади.

Натижада, бутун мамлакат бўйлаб аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлиги ва тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш сифатининг ҳам ошиши ҳамда замонавий даволаш усулларини тизимга тезроқ жорий этилишига эришилади, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.