Унда Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё давлатлари эскирган темир йўл инфратузилмаси билан курашни давом эттираётгани, бу борада Ўзбекистон сўнгги ўн йил ичида тезюрар тармоқ яратиб, бутун минтақага намуна бўлаётгани қайд этилган.

Нашрдаги маълумотга кўра, Ўзбекистонда биринчи линия ишга тушганидан ўн йил ўтиб, Испанияда қурилган тезюрар поездлар уч йўналишда қатнаяпти. Ўзбекистон раҳбарияти темир йўл тизими имкониятларини янгилаш ва кенгайтиришни давом эттиряпти.

Пойтахт Тошкентни тарихий Ипак йўлининг қадимий шаҳри - Самарқанд билан боғлаган биринчи тезюрар темир йўли бунёд этилди. 344 километрлик линиянинг қурилиши беш ойда якунланди. «Бу Ўзбекистон транспорт инфратузилмасида катта воқеа бўлди, - дея таъкидланади материалда. - Корхоналар учун логистика харажатларини сезиларли даражада камайтиришдан ташқари, тезюрар темир йўл тизими Ўзбекистоннинг углерод сарфини ҳам камайтиради».

Мақолада «Афросиёб» электр поездлари Испаниянинг «Talgo» компанияси томонидан ишлаб чиқарилгани маълум қилинган, деб хабар беради «Дунё» АА.

Шунингдек, мақолада поезднинг соатига 250 километр тезликка эришиши мумкинлиги, аваль йўловчилар Тошкентдан Самарқандга бориш учун автомобиль ёки автобусда беш соатгача вақт сарфлаган бўлсалар, эндиликда ушбу масофага «Афросиёб»да икки соатдан сал ошиқроқ вақт мобайнида етиб бораётгани қайд этилган.

«Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 1 000 километрга яқин электрлаштирилган темир йўллар мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятида тезюрар поездлар ҳаракатланади, - деб ёзади газета. - Тезюрар темир йўлларни ривожлантириш Ўзбекистон сайёҳлик соҳаси учун ҳам фойдали ҳисобланади. Мамлакатда тарихий жойлар жуда кўп. Бир пайтлар ислом илмининг муҳим марказлари бўлган Бухоро ва Самарқанд каби тарихий масканлар жаҳон сайёҳларини ўзига фаол жалб этиб келади».

«Emerging Europe» ахборот портали ўз хулосасида «Муҳташам маданий мерос ва тарихий масканларга эга бўлган Ўзбекистон ўзининг замонавий тезюрар поездлари туфайли меҳмонларга келажакка назар ташлаш имконини беради», - деб ёзади.