Бунинг учун фуқаролардан инглиз тили ва компьютер дастурларини мукаммал билиш талаб этилади. Бундай юртдошларимиз даллол (брокер) бўлиб ишлаши мумкин. Тил ва компьютер дастурларини унча мукаммал билмайдиган, лекин қобилияти ва истаги бор фуқаролар компьютер саводхонлиги ва хорижий тилларни ўргатувчи марказларда ўқитилиши ҳам белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати шундай маълумот берди.

Масофадан туриб ишлаш тартиб-қоидалари бўйича Бухоро вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг 2020 йил 15 сентябрдаги «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳокими ўринбосари Б.Шаҳриёров иштирокида Россия Федерациясининг Москва ва Красноярск шаҳарларидаги йирик саноат корхоналари иш берувчилари билан видеоконференсалоқа шаклида бўлиб ўтган учрашувда музокара юритилган.

Вилоят бандлик бош бошқармаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вилоят филиали, бутунжаҳон ўзбек ташкилотларининг халқаро конгресси –“World Congress of the Uzbek Associations”, Красноярск шаҳридаги «Содружество узбекистанцев» ижтимоий-ҳуқуқий адаптация қилиш жамоат ташкилоти вакиллари иштирок этган учрашувда Москва ва Красноярск шаҳридаги корхоналарда Бухоро вилоятидан ишга жалб қилинадиган меҳнат мигрантларига касб ва тил ўргатиш, уларга шароитлар яратиш, ҳужжатларни иш берувчи расмийлаштириши каби масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир давомида 2020-2021 йилларда бухоролик мингга яқин фуқароларни Москва ва Красноярск шаҳарларида ишга жойлаштириш шартномалари хусусида келишиб олинди.

Учрашувда айни пайтда Красноярск шаҳрида ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан суҳбат ташкил этилиб, Ўзбекистонда қонуний меҳнат миграциясини янада такомиллаштириш, меҳнат мигрантлари учун яратилаётган шароит ва имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.