Транспорт вазирлиги ташкил этилиши билан ҳаво транспортини тубдан такомиллаштириш ишлари ҳам бошланди. Президентнинг 2021 йил 30 апрелдаги “Фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, 2021-2022 ўқув йилидан Тошкент давлат транспорт университетида учувчиларни тайёрлаш бошланади.

Пандемия сабаб ўтган йили март ойида тўхтаб қолган парвозлар босқичма-босқич қайтадан йўлга қўйилмоқда.

Дониёр ЖУМАЕВ,

Транспорт вазирлиги Ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи:

— Республика аҳолисининг ҳаво транспортидаги фаоллиги, шунингдек, ички ва зиёрат туризмни ривожлантириш, авиақатновларнинг оммабоплигини ошириш, фуқароларни мамлакатимизнинг маданий–тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан таништириш учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан 2021 йилнинг баҳор-ёз мавсумидан пандемиядан олдинги мавжуд ҳамда мутлақо янги йўналишлар йўлга қўйилди. Махаллий авиақатновлар сонини ҳафтасига 17 дан бахор-ёз мавсумида 67 тага ошириш кўзда тутилган. Шу билан бирга, аввал бўлмаган Фарғона — Урганч, Термиз — Урганч йўналишлари ташкил этилди.

Халқаро йўналишлар ҳам аста-секин очиляпти. Пандемиядан олдин 50 дан ортиқ йўналиш бўлса, ҳозир 14 та давлат билан музокаралар ўтказиб, 30 га яқин йўналишда мунтазам парвозларни амалга оширяпмиз. Аммо пандемия жараёнга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаяпти. Айниқса, Россия ва Қозоғистон йўналишлари энг оғриқли нуқталаримиз бўлиб турибди. Россияда ўрнатилган чекловлар сабаб ҳозир фақат 2 та мунтазам рейс бор. Ваҳоланки, пандемиягача бир ҳафтада 184 та рейсни бажарганмиз. Яъни ушбу йўналишларга талаб юқори. Рейсларнинг камлиги сабаб чипталар нархлари қаллоблар томонидан 1,5 минг долларгача ошириб юборилгани ҳолатлари ҳам аниқланди ва уларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда тегишли чоралар кўрилди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида максимал даражада интернет сотувларини йўлга қўйиб, чипталар нархларини бир неча баробар туширишга эришдик.

“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг 30 га яқин энг замонавий ҳаво кемаларидан ташкил топганига қарамай, бугунги кунда йўловчиларга янада сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида уларни янада замонавий ҳаво кемаларига алмаштириш, ҳаво паркини янгилаш ишлари бошлаб юборилган. Жорий йил 3 майда янги “Боинг-787 Dreamliner” ҳаво кемаси олиб келинди. Кейинги йилларда яна 3 та янгисини сотиб олиш кўзда тутилган.

Авиация соҳасини ривожлантириш доирасида кичик авиацияга ҳам эътибор қаратиляпти. Жорий йилда “Airbus”  компаниясининг 4 та замонавий вертолёт олиб келиб, аҳолига янги форматдаги хизматларни таклиф этиш мақсад қилинган. Улардан туристик йўналишларда сайёҳларни ва аҳолини тоғли ҳудудларга ташиш назарда тутилган.

Бугунги кунда йўловчилар учун амалиётда яна бир янги хизмат — юксиз тарифлар татбиқ этилди. Дунёда кенг оммалашган ушбу тарифдан йўловчи юки бўлмаган ҳолатда фойдаланиши мумкин. Яъни бунда юк учун алоҳида пул тўлаш талаб қилинмайди. Бу эса чипта нархларини 15-20 фоизгача арзонлаштиришга олиб келди.

Бундан ташқари, онлайн сотувларни ривожлантириш ҳам аҳолига қулайлик яратмоқда. Интернетдан чипта харид қилган йўловчиларга 3 фоиз чегирма берилади. Бу ишлар тизимда рақамли технологияларни ривожлантиришнинг яна бир кўриниши бўлиб, бундай янгиликлар сони ва сифатини ошириб бориш кўзда тутилган.