Ташаббус БМТ тузилмалари ҳамкорлигида, Республика комиссияси раҳбарлигида амалга оширилмоқда.

Ҳар йили 25 ноябрдан 10 декабргача дунё бўйлаб ўтказиладиган «Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаоллик» глобал кампанияси жорий йилда рақамли макондаги таҳдидларга қарши курашишга қаратилди.

Сенат Раиси Танзила Нарбаева тадбирни очар экан, хотин-қизларни рақамли зўравонликдан ҳимоя қилиш узлуксиз жараён эканини таъкидлади:

«Ҳеч қандай стереотип зўравонликни оқлай олмайди», – деди у.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, фуқаролик жамияти вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда БМТ агентликлари иштирок этди.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабин Махл оиладаги зўравонликни жиноят сифатида белгилаш ва ҳимоя хизматларини кучайтириш рақамли зўравонликка қарши кураш учун муҳим база яратишини қайд этди. «БМТ-аёллар» тузилмаси Марказий Осиё офиси раҳбари Жерен Гувен Гуреш эса онлайн зўравонлик ҳолатларининг катта қисми яширин қолишини таъкидлаб, глобал миқёсда мувофиқлаштирилган чоралар зарурлигини билдирди.

Кампания доирасида 25 ноябрдан 10 декабргача мамлакатнинг барча ҳудудларида турли тадбирлар, мулоқот майдонлари, ўқув семинарлари ва ахборот кампаниялари ташкил этилади.