Бу бўйича Президентнинг «Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига ҳудудларда комплекс ижтимоий ва реабилитация хизматларини кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (ПҚ–383-сон, 18.12.2025 й.) қабул қилинди.

2025 йилда Андижон ва Тошкент шаҳарларида тажриба тариқасида Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилган.

Қарорга кўра, ҳудудий марказлар фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

  • аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилишини ташкил этиш;
  • оғир ҳаётий вазиятдаги болаларнинг ижтимоий мослашувидаги муаммоларни ўрганиш орқали уларнинг жамиятга интеграциясини таъминлаш.

Ҳудудий марказлар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига реабилитация, абилитация, физиотерапия ва даволаш-жисмоний тарбия, қараб туриш ва парваришлаш хизматлари кўрсатилади.

Ижтимоий хизматлардан имтиёзли шартларда фойдаланиш ҳуқуқига эга шахслар ҳудудий марказлар хизматларидан «Инсон» марказларининг йўлланмаси асосида фойдаланади.

Ҳудудий марказларнинг хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ барча тартиб-таомиллар тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маълум қилишича, жами 55 та Ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази ташкил этилиши режалаштирилган:

  • 2026–2027 йилларда — 20 та,
  • 2028–2029 йилларда — 35 та,

жами 55 та Ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази ташкил этилиши режалаштирилган.

Марказлар:

  • Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида давлат муассасаси сифатида фаолият юритади;
  • Агентликнинг мақбуллаштирилган штатлари ҳисобидан шакллантирилади;
  • Жаҳон банкининг «Инсон» лойиҳаси (2026–2029 йй.) доирасида жиҳозланади.

Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларида қуйидаги хизматлар йўлга қўйилади.

Асосий хизматлар:

  • ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш;
  • 18 ёшдан катта, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун қараб туриш;
  • ривожланишида кечикиш ёки хавф омиллари мавжуд болалар учун эрта аралашув;
  • ногиронлиги бўлган болалар ва катталар учун абилитация ва реабилитация.

Қўшимча хизматлар:

  • ногиронлиги бўлган шахслар учун «мустақил ҳаёт» хизматлари;
  • фаол кексалик хизматлари;
  • ногиронлиги бўлган болалар оилалари учун «ота-оналар клублари»;
  • тарбиясида муаммоси бўлган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун психосоциал реабилитация.