"Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг Бош Ассамблеяси ўтказилди" деб хабар бермоқда Туризм ва спорт вазирлиги. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Миллий Паралимпия ассоциацияси раҳбарияти, ходимлари, тренерлар, спортчилар, Туризм ва спорт вазирлигининг ҳудудий бўлимлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда паралимпия ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган ютуқларга алоҳида тўхталиб, бу жараёнда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг хизматларини алоҳида эътироф этди.

Шу билан бирга соҳа ривожида бир қатор муаммолар тўпланиб қолгани, уларни бартараф этишда яқинда имзоланган “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси Бош Ассамблеяси ўз ишини бошлади. Уни ассоциация раисининг ўринбосари Шариф Мўминжонов олиб борди.

Бош Ассамблея йиғилишида “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори асосида Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитасини ташкил этиш таклифи маъқулланди.