Ҳужжат лойиҳасига кўра, Мудофаа вазирлиги “Ватан ўғлони” ташкилотининг таъсисчиси ҳамда Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари унинг етакчиси ҳисобланади.

Қайд этилишича, умумтаълим мактабларида 20 кишидан таркиб топган отрядлар тузилади. Отрядлар аъзолигига ихтиёрий равишда истак билдириган 10-11-синф ўқувчилари бўлган йигитлар қабул қилиниши мумкин.

Шунингдек, ташкилотнинг амалий фаолиятида ватанпарварлик, экологик ва волонтёрлик асосий йўналишлар этиб белгиланмоқда.

Шу билан бирга, умумтаълим мактабларини ижобий баҳолар билан тамомлаган ва ташкилотнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг тегишли тавсияномаларини олган фаол аъзолар републиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларига киришда тест синовлари натижалари бўйича ўзлари тўплаган балларидан 5 фоиз миқдоридаги қўшимча балларни қўшиш кўринишдаги имтиёзга эга бўлади. Бунда тавсияномалар улар берилган кундан бошлаб 3 йил давомида амал қилади.

Қарор лойиҳаси билан танишиш, фикр ва мулоҳазаларни билдириш жорий йилнинг 7 июнига қадар давом этади.