Видеоконференцияга Ўзбекистоннинг Исроил давлатидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Феруза Маҳмудова модераторлик қилди.  Онлайн мулоқотда Бухоро яҳудийлари жамоатчилик маркази раиси Абрам Исоқов, «Бухоро Мероси» («Наследие Бухари») илмий-ўрганиш маркази (НИС) директори Роберт Алмиев, Бухоро яҳудийларининг Вена жамоатчилик маркази президенти Шломо Устониязов, «Димона» муниципалитети ходими Юрий Итхаковлар иштирок этдилар.

Шундан сўнг вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров сўзга чиқди.

Шунингдек, қадимий ва муқаддас Бухоронинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида маълумот берилди. Хусусан, сўнгги 4 йилда вилоятга ташриф буюрувчи маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг оқими 3,5 баробардан зиёдга ўсгани, тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилувчилар сони кўпайиб бораётганига эътибор қаратилди.

Айни кунда Бухорода 40 дан ортиқ турли миллат вакиллари истиқомат қилмоқда. Қолаверса, ҳозирда Бухорода истиқомат қилаётган 80 га яқин оиладаги 200 дан ортиқ яҳудийлар вилоятда ўтказиладиган маданий, илмий-маърифий ва байрам тадбирларда фаол қатнашиб келмоқдалар.

Ўзбекистондаги биринчи яҳудий мактаби ҳам айнан Бухорода ташкил этилганлиги алоҳида қайд этилди.

Бундан ташқари, Бухоро яҳудийлари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбир жараёнида фурсатдан фойдаланиб Ботиржон Шаҳриёров барча яҳудийларни Бухорога саёҳат ва зиёратга келишга таклиф қилди.

Видеоконференцияда Бухоро яҳудийларининг бутунжаҳон Конгресси бош директори Юда Блоин сўзга чиқди. Қадим Бухорога саёҳатга келишни режалаштираётгани, туризм йўналишида улкан имкониятларга эга вилоят билан ҳар томонлама, иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳаларда алоқаларни янги босқичга кўтариш тарафдори эканини билдирди.

Онлайн мулоқотда иштирокчилар Бухоро яҳудийлари ҳақида ҳикоя қилувчи қисқа метражли «Земляки» (ватандошлар) деб номланган ҳужжатли фильм ва Бухоронинг туристик салоҳияти ҳақида тақдимот ва туризмга оид видеороликни томоша қилиб, тасаввурларини янада бойитдилар.

 Вилоят туризмни ривожлантириш департаменти