“Ўзбекистон 24” телеканалида қайд этилишича, қиймати 120 млн долларлик лойиҳа доирасида 35 км узунликдаги замонавий йўл, кўприк ва туннеллардан иборат йирик инфратузилма барпо этилади.
Янги йўл асфальт-бетон қоплама асосида, тўрт тасмали шаклда қурилади. Унинг ўтказувчанлик қобилияти суткасига 20 мингдан ортиқ транспорт воситасини ташкил этиши кутилмоқда.
“Лойиҳа бешта лотга бўлинган ва бир нечта қурувчи ташкилотлар жалб этилган. Қурилиш жараёни лабораториялар ва халқаро консультантлар томонидан назорат қилинмоқда. Ишларга мингдан ортиқ техника жалб этилган.
Лойиҳа доирасида 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та туннель ва 5 та махсус ўтиш жойи қурилади. Шунингдек, коммуникация тармоқлари ва муҳандислик иншоотлари барпо этилади. Қурилиш ишларига мингдан ортиқ мутахассис ва юзлаб замонавий техника жалб қилинган”, – дейди Хоразм вилояти автомобиль йўллари бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Ниёзметов.
Янги йўл фойдаланишга топширилгандан кейин Урганчдан Хивагача етиб бориш вақти 1 соатдан 17 дақиқагача қисқаради.
“Автомобиль йўли тўрт полосадан иборат бўлиб, бошланиш, ўртасида ва охирида терминаллар лойиҳаланяпти. Иккита сервис пунктларимиз замонавий технологияларни қўллаган ҳолда геотекстил материалларидан фойдаланяпти. Хоразм вилоятининг ўзига хос ер ости сизот сувлари яқинлигини инобатга олган ҳолда автомобиль йўли бўйлаб коллекторлар лойиҳалаш инобатга олинган. Бунда олдинги лойиҳалардан фарқли ўлароқ замонавий дренажлар қўйиш имконияти ҳам кўриб чиқилди”, – дейди “Йўл-лойиҳа бюро” МЧЖ директори Ғулом Зоҳидов.
Унинг сўзларига кўра, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳамда аҳоли хавфсизлиги учун махсус ўтиш йўлаклари ва йўл ўтказгичлар ҳам лойиҳалаштирилган.