Учрашув чоғида мамлакатимизда очилган Япония рақамли университети фаолиятини янада ривожлантириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

«Digital Knowledge Co., Ltd.» компанияси Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) билан «Japan Digital Universities (Япония рақамли университети)» сателлит кампусини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик шартномасини 2020 йил 17 апрель куни имзолаган.

Япония рақамли университети Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида 2020 йил декабрь ойида ташкил қилинган хусусий университет  бўлиб,  унинг асосий вазифалари талабалар учун япон тили ва маданиятини ўргатиш, ахборот технологиялари соҳасида етакчи муҳандисларни тайёрлаш ва уларни Японияда иш билан таъминлашдан иборат.

2021 йил октябрь ойида университетда ўқиш учун 3 минг нафар абитуриент ҳужжат топширди ва улардан 160 нафари ўқишга қабул қилинди. Олий билим юртига 2022 йил 500 нафар, 2023 йилдан бошлаб эса ҳар йили 1000 нафар талаба қабул қилиш кўзда тутилган.  Япон олий таълим муассасасида ўқиш муддати 4,5 йилни ташкил этади. Келгусида университетда 5 минг нафар талабани бир вақтнинг ўзида ўқитиш режалаштирилган.

Музокаралар натижасида истиқболдаги вазифаларни мувофиқлаштириш ва япон компаниясининг юртимизда лойиҳаларни амалга ошириши борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.