Германиядаги Фрайбург клиникаси кардиология ва кардиохирургия соҳаси бўйича дунёда энг илғор тиббиёт маркази ҳисобланади. Яқинда Тошкент тиббиёт академияси ректори Алишер Шодмонов мазкур клиника вакиллари, шунингдек, Германиянинг таниқли ОPAСCA компанияси делегациясини қабул қилди.

Учрашувда ТТA негизида Халқаро олий онкология мактаби (ИҲСЕ) ташкил этилиб, у ерда Германия таълими ва илмий дастурлари тажрибаси асосида катта марказ ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди. Томонлар ўртасида тузилган шартномага кўра, ОРAСCA Халқаро олий онкология мактаби учун муҳим ихтисосликлар бўйича тажрибалар алмашилади.

Делегация таркибида энг кичик меҳмон 8 ёшли Максим Моргенштерн ҳам бўлиб, у шаҳримиздаги 191-мактабга бориб, тенг­қурлари билан яқиндан танишди. Максим ота-онаси ва бобоси билан Ўзбекистонга келишни интиқиб кутганди. Барча болалар сингари Максимнинг жажжи тасаввурида ҳам ўзга мамлакатлар эртаклардаги каби сеҳрли туюларди. Айниқса, у қуёшли ўлка тўғрисида онасидан эшитганларини ўз кўзи билан кўргиси келарди.

Тошкент тиббиёт академияси ректори, профессор А.Шодмоновнинг «Максим, ўзинг сингари болалар ўқиётган мактабга боришни истайсанми?» деган саволидан қувониб кетди. Сўнг онаси, бобоси ҳамда Мангейм клиникаси Бош директори Фредди Бергманн ва Тошкент тиббиёт академияси профессорлари ҳамроҳлигида Олмазор туманидаги 191-ўрта мактабга йўл олди.

Меҳмонларни мактаб директори ва ўқитувчилар, ўқувчи-ёшлар самимият ила қарши олдилар. Болалар бири ўзбек, бири рус, бири инглиз тилида германиялик тенгдошларига мактаб ҳаёти, ўз қизиқишлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Дастлаб бироз тортиниб, қимтиниб турган Максимни кутубхона ва ўғил болалар учун мўлжалланган махсус дурадгорлик тўгараги, айниқса, мусиқа хонаси жуда қизиқтириб қолди. Болалар эсдалик учун суратга тушдилар.

Кейинги синф хонасидаги суҳбат ҳам жуда мароқли кечди. Максим ўзбек ўқувчиларига отда сайр қилиб, пианино чалишга бўлган қизиқишлари ҳақида сўзлаб берди. Ўз навбатида, мезбонлар ҳам фан ва таълим, мусиқа, санъат, айниқса, спортда эришаётган кичик ютуқлари ҳақида тўлқинланиб гапириб беришди. Етти ёшли Иброҳим спортдаги ютуғини, Усмон эса беш ёшида Германияга қилган саёҳати хусусида ўз таассуротларидан сўз очди.

Фойдали меҳнат ва ҳунарга ўргатиш мақсадида ташкил этилган дурадгорлик тўгарагидан Максим янги дўстлар орттириб чиқди. Меҳнат фани ўқитувчиси Саодат Худоёрова Максимнинг меҳнатсевар, ақлли, илмга чанқоқ, айниқса, ўзгалар меҳнатини қадрлайдиган хислатларини зийраклик билан пайқаб қолди. Устачилик ва дурадгорлик сирларини кун сайин пухта эгаллаб бораётган ўқувчи шогирдлари Муҳаммадали, Исмоил ва Камоллар қўл меҳнати билан ясалган кичик ҳунармандчилик буюмларига ишлов бериш сирларини кўрсатиб, бу қизиқарли жараёнга Максимни ҳам таклиф этишди. Ўзбекистонлик дўстларидан эсдалик бўлиши учун Саодат опа Максимга парусли ёғоч қайиқ совға қилди.

Меҳмонларни кузатиш жараёни, айниқса, унутилмас тарзда кечди. Кутилмаганда мактаб вестюблидаги овоз узаткичдан немис композитори Шубертнинг машҳур “Серенада” асари янгради. Ўзбекистонлик операчи ижросидаги бу афсонавий асар меҳмонларни чинакамига лол қолдирди. Германиялик меҳмонларга ҳурмат рамзи тимсолида янграётган классик мусиқа фонида бизга интервью берган Мангейм клиникаси Бош директори Фредди Бергманн, Максимнинг бобоси Эрсен Чемболюк ва онаси Зои Моргенштернлар ўз сўзлари якунида деярли бир гапни айтдилар:

– Ўзбекистонга яхши ният билан келганмиз. Одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун янада кенгроқ имконият яратиб беришга кўмаклашаётган ҳамкор давлат сифатида янги ло­йиҳаларни бошламоқчимиз. Демакки, дўстона муносабатларимиз ҳар соҳада кенг қулоч ёйиб бораверади. Биз катталар сингари фарзандларимиз ҳам бир-бирлари билан шу тарзда танишиб, дўстлашиб олсалар, эзгу ишларимизнинг узоқ келажакдаги натижасига хизмат қилади.

Гулчеҳра Мирзаева,

журналист