30 март — 3 апрел кунлари Афғонистон Ислом Республикасида бўлиб ўтадиган Мачмейкинг конференцияга юртимиздан 18 та кичик ва ўрта бизнес вакиллари йўл олган эди. Юртдошларимиз манзилга етиб бориб, тадбирларда иштирок этиш учун тайёргарлик кўрмоқда.

Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси ҳамда Бизнесни ривожлантириш уюшмаси томонидан ташкил этилаётган ушбу лойиҳа доирасида Б2Б учрашувлар, маҳсулотлар кўргазмаси, мачмейкинг конференцияси ўтказилади. Тадбиркорлар лойиҳада иштирок этиш орқали нафақат Афғонистонда, балки ушбу Денгиз логистикасига эга давлатлар, шунингдек қуруқлик йўллари орқали бир ярим миллиарддан ортиқ ахоли яшайдиган худуд — Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш каби давлатларга чиқиш имкониятига эга бўлади.

— Бу тадбиркорларнинг маҳсулотларини йирик инвесторларга намойиш этиши ҳамда бир вақтни ўзида манфаатли шартномаларни имзолашга қаратилган лойиҳадир, — деди Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раиси ўринбосари Бобур Расулов. — Делегация 6 йўналишда фаолият юритаётган экспортчилардан иборатдир. Булар озиқ-овқат, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик, қишлок хўжалиги, ювиш воситалари ишлаб чиқарадиган тадбиркорлардир.

Лойиҳадан юртимизга янги инвесторларни жалб килиш, экспорт салохиятини ошириш, кичик тадбиркорликни ривожлантириш каби самарали натижалар кутилмоқда.

Ирода Тошматова,

“Янги Ўзбекистон” мухбири