Маълумотларга кўра, Санкт-Петербург шаҳри Петрозаводская кўчасида етти ёшли бола еттинчи қават дераза тўсиғига осилиб қолган. Шу пайтда уни бино остида ишлаётган Хайрулло исмли ўзбекистонлик мигрант пайқаб қолган.

У болага бақириб, уни тўхтатишга уринган, вазият жиддийлашганини англагач эса ойна остига яқинлашган. Бола кучсизланиб, боши билан пастга қулаган пайтда, Хайрулло уни ҳавода илиб олишга улгурган, бағрига босиб, зарбани юмшатган. Шундан сўнг у болани подъездга олиб кириб, тез ёрдам келгунига қадар уни ҳушига келтиришга ҳаракат қилган.

Бола тирик қолган ва ҳозирда реанимация бўлимида даволанмоқда, унинг аҳволи барқарор деб баҳоланган. Ўзбекистонлик фуқаро енгил жароҳатлар олган, унда жиддий шикастланиш қайд этилмаган. Маълум бўлишича, 36 ёшли қутқарувчи Петербургда уйларга хизмат кўрсатувчи пудрат ташкилотида ишлайди.