Хитой Миллий Ядро Корпорацияси таклифига биноан, Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари, “Навоийуран” давлат корхонаси бош директори Дж.Файзуллаев бошчилигидаги вазирлик ва корхона мутахассисларидан иборат делегация Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Табиий уран саноатини ривожлантириш бўйича биринчи халқаро форуми”да иштирок этди.
Ташриф доирасида CNNC вице-президенти Шен Янфен билан учрашув ташкил қилинди ҳамда “Навоийуран” ДК ва CNNC ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Шунингдек, мулоқотлар давомида уран саноати билан боғлиқ бошқа инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Вазирлик ва “Навоийуран” ДК вакиллари гидротермал уран конидаги ер ости рудаларини қазиб олиш ва уран таркибидаги рудаларни уюм билан қайта ишлаш фаолияти билан танишди. Делегация технологик жараёнда ишчиларнинг иштирокини минималлаштириш имконини берувчи замонавий рақамли технологиялар билан жиҳозланган уранни ер остида эритмага ўтказиш конида ҳам бўлди.
Хитой Миллий Ядро Корпорацияси (CNNC) мамлакатдаги глобал ядровий лойиҳалар бўйича етакчи ҳисобланади. Корпорация Хитойда амалда ишлаб турган ва янгидан қурилаётган маҳаллий атом электр стансияларининг асосий инвестори. Ҳозирда CNNC 22 та амалда ишлаётган ва 6 та янгидан қурилаётган энергоблокларга эга бўлиб, Хитойдаги ягона уран ишлаб чиқарувчи йирик корпорация.