Мақола муаллифи - ҳамюртимиз, асли тошкентлик, гроссмейстер Григорий Серпер. У 1988 йилда ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони, 1989 йилда Европа чемпиони, 1999 йилда шахмат бўйича жаҳон очиқ чемпионати ғолиби бўлган. Бундан ташқари, Григорий Серпер 1992 йилда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Шахмат олимпиадасида кумуш медални қўлга киритган. 1996 йилдан бери ватандошимиз АҚШда яшайди ва ёшларга шахмат сирларини ўргатиб келмоқда. Америка шахмат федерацияси аъзоси.
Мақолада яқинда Исроил давлатида бўлиб ўтган FIDE жамоавий жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шахматчилари фахрли иккинчи ўринни эгаллагани қайд этилган. «Хитой шахмат бўйича ўзининг улкан салоҳиятини яна бир бор намойиш этди. Аммо Ўзбекистон бу воқеанинг яна бир қаҳрамони бўлди. Ушбу муваффақият билан Олимпиада чемпионлари жаҳон шахмат элитасидаги ўз ўрнини янада мустаҳкамлади».
«Бундан роппа-роса етти йил аввал, 2015 йили мен ушбу сайтда ўз таҳлилларимни эълон қилган эдим: «Бугун мен Ўзбекистонда қандай янги истеъдодлар етишиб чиқаётганини кўриб турибман: Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов, Жавоҳир Синдаров ва бошқалар. Келажакда шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон шахмат оиласини яна лол қолдирса ҳайрон бўлманг», деб ёзади муаллиф ўз мақоласида.
Григорий Серпернинг қайд этишича, ўзбекистонлик гроссмейстерлар ўз ўйинларида рақиб хатоларидан унумли фойдаланиш орқали, ўзбекистонлик кўплаб шахматчиларга хос бўлган классик усулда дона сурмоқда.
Муаллифнинг таъкидлашича, бугунги кунда ўзига хос услубга эга бўлган жуда истеъдодли ўзбек шахматчилари катта муваффақиятларга эришмоқда. «Сизни яна бир ажойиб ёш шахматчи билан таништирмоқчиман. Мен гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев ҳақида гапиряпман. Кўпчилик бошқа машҳур Нодирбекни (Абдусатторовни) билади, аммо Ёқуббоевда жаҳон гроссмейстери бўлиш учун ҳамма жиҳат бор. Унинг услуби имкон қадар классик! Унинг сўнгги икки ўйини менда катта таассурот қолдирди», деб ёзади муаллиф ҳамюртимиз ва бошқа гроссмейстерлар ўртасидаги ўйинларни шарҳлар экан.
«Ишончим комилки, ҳатто Акиба Рубинштейн (шахмат бўйича барча даврларнинг энг буюк стратегларидан бири) ёки Хосе Рауль Капабланка (шахмат бўйича учинчи жаҳон чемпиони) каби афсонавий шахматчилар ҳам бундай ўйин кўрсатшдан фахрланишади. Сабаби оддий: Рубинштейн ёки Капабланканинг аксарият рақиблари бу гигантлардан анча кучсизроқ бўлган, ўйинлар эса бир ёқлама эди. Айни пайтда Ёқуббоевнинг рақибларидан бири, гроссмейстер Евгений Томашевский бир пайтлар дунё рейтингида 13-ўринни эгаллаб турган эди».
Григорий Серпер ўз мақоласи якунида «Агар сиз шахматда ўсишни хоҳлаётган янги шахматчи бўлсангиз, ўзбек гроссмейстерлари томонидан яратилган классик шахмат усули ва замонавий шахмат классикасини ўрганинг», деб таъкидлайди.
Эслатиб ўтамиз: «Chess.com» веб-сайти шахматни онлайн ўрганиш ва ўйнаш учун шахмат ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи шу номдаги компания томонидан 2007 йилда ташкил этилган. Компания АҚШда жойлашган, аммо 35 мамлакатда 400 нафардан ортиқ ходимларга эга. Бугунги кунда ушбу онлайн майдончада 100 миллионга яқин гроссмейстер ва шахмат ишқибозлари ҳар куни бир-бирлари билан мулоқот қилишади, ўзаро фикр алмашади, кўзга кўринган шахматчиларнинг ўйинларини таҳлил этишади.