Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар Жанубий Корея Қуролли кучлари тиббиёт мактаби халқаро аккредитациядан ўтганидан буён ушбу курсларда малака оширган илк хорижий вакиллар бири бўлди.

Ушбу соҳадаги шошилинч тиббий ёрдам курслари АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган, АҚШ, Канада, Германия ва бошқа мамлакатларнинг Қуролли Кучларида самарали эканлиги исботланган жанговар жароҳатларни даволаш бўйича тактик курсларга қўшимча ҳисобланади.

Тренинг якунида барча ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар комиссия олдидаги амалий синовлардан муваффақиятли ўтди. Курсни муваффақиятли якунлангани инобатга олинган ҳолда, мамлакатимиз вакилларига соҳада шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро сертификат ва инструктор малакаси топширилди.

-Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон ҳарбий тиббиёт ходимлари курсларимизда илк бор ўқитилиши жуда муҳим, - дейди Жанубий Корея Қуролли кучлари тиббиёт мактаби катта ўқитувчиси, подполковник Ким Ге Хён.

-Ўзбек ҳарбий хизматчиларининг курсларимизда биринчилар қаторида ўқитилиши мамлакатларимиз ўртасидаги ҳарбий тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг юксак даражасини яққол намоён этади, шунингдек, кенг кўламли соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш учун катализатор бўлиб хизмат қилади, - деди  Корея Республикаси Қуролли кучлари тиббий қўмондонлиги қўмондони, бригада генерали Чхве Бьюнг-соп.