Германия Бундестагининг қарорига кўра, Ўзбекистон сиёсий, ижтимоий, ҳуқуқий ва иқтисодий соҳаларда кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Хусусан, мамлакат ҳаётида парламент ва сиёсий партияларнинг ролини янада ошириш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича муҳим қадамлар қўйилмоқда. Дастурда Ўзбекистон вакилларининг иштирокини ташкил этиш орқали Бундестаг ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга ва мамлакатимизда парламентаризмни янада ривожлантиришга, шунингдек, ушбу соҳадаги икки томонлама муносабатларни кенгайтиришга эътибор қаратди.

IPS Бундестаг Президентининг ҳомийлигида олиб борилади ва 40 га яқин давлат вакилларининг Германияда 5 ойлик малака оширишини таъминлайди.Унинг иштирокчилари Германиядаги парламент тизими, қонун ҳужжатлари ва сиёсий қарорлар жараёни билан танишадилар турли семинар, учрашув ва амалий машғулотларда иштирок этадилар. Бундан ташқари, улар Бундестаг депутатлари билан биргаликда тегишли ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида ва парламент қўмиталари ҳамда комиссиялари мажлислари жараёнида тегишли масалаларни ҳал қилишда бевосита иштирок этадилар. Шунингдек, сайлов округларидаги сайловчилар билан учрашиш имконига ҳам эга бўладилар.

Дастур иштирокчилари Бундестаг томонидан Германия чет эл дипломатия ваколатхоналари орқали 30 ёшгача бўлган иқтидорли ва истиқболли ёшлар орасидан танлаб олинади. Олий маълумотли, немис тилини етарлича биладиган, шунингдек, сиёсий ва ижтимоий фанлардан бохабар бўлиши керак.

Жорий йилдаги IPS-2020 дастурида 36 мамлакатдан 106 вакил иштирок этди.

Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилган танлов натижаларига кўра, уч нафар ҳамюртимиз 2020 йил март-июль ойларидаIPS дастурида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Улар: Самарқанд давлат чет тиллар институти магистранти Жамшид Каримов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг битирувчиси Маҳкам Ҳамидов, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Юқори дипломатия мактаби бош мутахассиси Шаҳбоз Ёдгоров.

1 мартдан бошлаб мамлакатимизнинг ёш вакиллари Германия пойтахти Берлинда IPS доирасида амалиёт ўташни бошлади.

Бироқ март ойининг ўрталарида Германияда, дунёнинг барча мамлакатларида бўлгани каби коронавирус пандемияси бошланди. Шу сабабли ушбу дастурнинг белгиланган чекловлар талабларига баъзи ўзгаришлар киритилди. Шунга қарамай, дастур доирасида барча вазифалар муваффақиятли бажарилди. Тингловчиларнинг назарий ва амалий билимлари мустаҳкамланди.Улар IPS сертификатларини қўлга олишди ва 23 июль куни чартер рейс билан Тошкентга қайтиб келишди.