ГЦПА – бу дунёнинг 200 га яқин профессионал юристларидан иборат тармоқ. Бош офиси Гаага(Нидерландия)да жойлашган. Марказ турли соҳаларда юридик ва ҳакамлик хизматларини таклиф этади, халқаро ҳуқуқ савдо ва инвестиция, воситачилик ва арбитраж, юридик эскпертиза ва таваккалчилик масалалари бўйича ўқув курслари, конференциялар ва семинарларни ташкил этади.
Учрашув давомида ГЦПА дунёнинг бир қатор етакчи ҳакамлик институтлари, шунингдек, адвокатлик фирмалари билан фаол ҳамкорлик қилаётганлиги таъкидланди. ГЦПА фаолиятининг асосий йўналишлари инвестициялар бўйича низолар, шартномалар тузиш ва низоларни ҳакамлик судлари томонидан ҳал қилинишига кўмаклашишдир.
ГЦПА раҳбарияти бир қатор мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда малакали юристлар учун 2020-21 йилларда грантлар ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Грантнинг миқдори даъвогарнинг малака даражасига, ариза берувчиларнинг сонига ва стажировканинг йўналишига боғлиқ бўлади.
ГЦПА бирон халқаро ташкилот ёки Нидерландияда жойлашган тадқиқот институти томонидан қабул қилинган номзодларни ўқитиш ёки малака ошириш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш имкониятини кўриб чиқишга тайёр эканлигини билдирди.. Одатда ажратилган маблағ номзоднинг уч ой давомида Нидерландияда бўлиши билан боғлиқ ҳар ойлик харажатларнинг 50 фоизини қоплаши керак. ГЦПА ҳисоб-китобларига кўра, бу ойига 400 евродан 500 еврогача бўлган миқдорни ташкил қилади.
Номзодларга қўйиладиган асосий талаблар- бу тегишли маълумотга эга бўлиш, инглиз тилини мукаммал билиш, давлат ёки хусусий тармоқдаги ҳуқуқий соҳадаги тажриба.
Учрашув якунида келгусида ўзаро ҳамкорликнинг мумкин бўлган йўналишларини батафсил ўзлаштириш мақсадида жалб қилинган вазирликлар, идоралар ва Ўзбекистоннинг ихтисослаштирилган университетлари иштирокида видеоконференция ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.