Бу ҳақда Миграция агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Агентлик раҳбари Беҳзод Мусаев АҚШнинг USA Farm Labor ташкилоти раҳбари Manuel Fick билан музокара олиб борди.
Мазкур ташкилот 22 йилдан буён H-2A дастури доирасида Қўшма Штатлардаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавсумий ишларга хорижий ишчиларни жалб қилиш билан шуғулланади. Ҳозирда Шимолий Америка ҳудудида 1 400 дан ортиқ фермер хўжаликлари ва ранчолар билан ҳамкорлик шартномасига эга.
Онлайн тарзда ўтган мулоқотда ўзбекистонлик номзодларни илк бор АҚШдаги мавсумий ишларга жалб этиш тартиблари муҳокама қилинди.
Иш муддати 9–10 ой бўлиб, ўртача ойлик иш ҳақи 3 500 АҚШ долларини ташкил этади. Турар жой иш берувчи ҳисобидан. Малакали мутахассисларга устуворлик берилади.
Учрашув якунида ўзаро келишув имзоланди ҳамда ҳамкорликни кейинги босқичларини энг тез муддатларда амалга оширишга келишиб олинди.