Учрашувда Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганлиги таъкидланди. «Эл-юрт умиди» жамғармаси бу йўналишда Ўзбекистон тараққиётининг устувор соҳаларига замонавий халқаро билим ва кўникмаларга эга профессионал кадрларни тайёрлаш тизимининг муҳим бўғинларидан бирига айланмоқда.

Агентлик раиси Абдулҳади Туруснинг айтишича, Туркия ҳар йили «Türkiye Bursları» етакчи давлат стипендия дастури доирасида Ўзбекистон фуқаролари учун ўртача 230 тагача грант ажратади. Бу грантлар ўқиш, яшаш, суғурта ва авиачипталарни қамраб олади. Музокаралар якунида томонлар келгуси йилда квотани 250 тагача кўпайтириш бўйича келишувга эришди, бу икки давлат ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам ҳисобланади. Шунингдек, «Эл-юрт умиди» жамғармаси вакиллари Ўзбекистонда «Türkiye Bursları» дастури бўйича ҳар йилги суҳбат ўтказиш комиссияси таркибига киритилади.

Томонлар «Эл-юрт умиди» жамғармасининг устувор йўналишларига мувофиқ қўшма таълим дастурини ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи олий ўқув юртлари ўртасида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди. Туркий халқлар тарихи, тили ва маданияти бўйича тадқиқотлар олиб бораётган талабаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу билан бирга, YTB агентлиги билан ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар ва давлат хизматчилари учун «Котиб ота» уч ойлик дастури ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари учун «Олий таълим менежменти» дастурида бўйича қўшимча квоталар ажратилишига келишилди.

Ижрочи директор Г. Исмаилова «Oxford Uzbek Studies» модели асосида Туркия университетларида ўзбек тили ва маданиятини ўрганиш дастурини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. Агентлик ғояни қўллаб-қувватлади ва лойиҳани ҳамкорликда ишлаб чиқишга қизиқиш билдирди, деб хабар беради «Эл-юрт умиди» жамғармаси матбуот хизмати.