Тадбир Ганна шаҳри мэрияси, «Cultures du Monde» тинчлик маданияти миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Халқаро фестивал ЮНЕСКОнинг расмий ҳамкори ҳисобланади ва 48-маротаба ташкил этилмоқда. Фестивалда Гана, Ҳиндистон, Франция, Уругвай ва бошқа мамлакатлардан рақс гуруҳлари ва мусиқачилар ҳам иштирок этишди.
Мазкур тадбирда Мукаррама Турғунбоева номидаги «Баҳор» халқ рақс ансамбли ва «Ҳунарманд» уюшмаси вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси фахрий меҳмон сифатида таклиф этилди.
Фестивалда Ўзбекистон делегациясининг концерт дастури, мамлакатимиз миллий маданий мероси, ўзбек ҳунармандларининг ижод намуналарини намойиш этилди. Анжуманнинг миниатюра, ёғоч ўймакорлиги ва миллий каштачилик санъатини ривожлантиришга бағишланган шўъба тадбирида ўзбек миллий таомлари ҳам намойиш этилди.
Яна бир муҳим жиҳат. Ушбу халқаро тадбир доирасида мамлакатимизнинг Париждаги элчихонаси ташаббуси билан ўзбек халқининг маданий мероси ва анъаналарини Франция жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш ҳамда икки давлат ўртасидаги дўстона муҳитни янада мустаҳкамлашга кўзда тутадиган «Ўзбекистон маданияти кунлари» ҳам ташкил этилди.
Ушбу тадбир меҳмонлари «Каштачи», «Қўғирчоқ», «Мустазод», «Ёр-ёр» ва бошқа мумтоз қўшиқлар, шунингдек, Хоразм халқ рақси «Лазги»ни тинглашди, энг муҳими, ўзбек халқ амалий санъати дурдоналарини ўз кўзлари билан кўришга муяссар бўлдилар. Мактаб ўқувчилари учун ташкил қилинган семинарлар давомида эса болалар Ўзбекистон миллий рақс ва мусиқаси тарихи билан яқиндан танишишди, улар ўзбекистонлик санъаткорларнинг ҳар бир чиқиши олдидан интерактив суҳбатларда фаол қатнашдилар.
Ганна мэри Верониc Пузаду Франция ва Ўзбекистон ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 30 йиллиги билан табриклар экан, Ўзбекистон делегацияси тинчлик ва дўстлик халқаро маданият фестивалида фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлади. У мамлакатимиз вакилларига Ўзбекистон-Франция дўстлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
Ўзбек паловини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ҳам фестивалнинг меҳмонлари ва иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.