Тадбир давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг 5-йиғилиши якунлари ҳамда музокаралар жараёни доирасида яқин келажакда бажариладиган асосий вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Ишчи гуруҳнинг 5-йиғилиши доирасида кўп томонлама ва икки томонлама музокаралар давомида ЖСТга аъзо давлатларга мамлакат ташқи савдо режими ҳақидаги барча саволларга тўлиқ жавоблар тақдим этилди. Шунингдек, музокаралар натижаларига асосан, амалиётга мувофиқ, июль ойи охирида ЖСТга аъзо давлатлар томонидан қўшимча ёзма саволлар юборилди.

ЖСТга аъзо бўлиш доирасида фаол икки томонлама музокаралар ўтказиш, алоҳида қўшимча ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этиш каби жорий йилнинг охиригача амалга ошириладиган асосий вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги, 6-йиғилишини жорий йил охиригача ўтказиш учун республика ЖСТ Котибиятига Ташкилотга аъзо давлатларнинг қўшимча саволларига жавоблар ҳамда сўровларга мувофиқ техник жиҳатдан тартибга солиш, интеллектуал мулк ва бошқа йўналишларга оид янгиланган ҳужжатларни тақдим этиш зарурлиги таъкидланди.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари Ишчи гуруҳнинг 6-йиғилишига тайёргарлик кўриш мақсадида сифатли, ўз вақтида ва ҳар томонлама пухта иш олиб боришлари лозим.

Умуман олганда, Идоралараро комиссия аъзоларига Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш, барча вазифаларнинг юқори профессионал даражада бажарилишини таъминлаш, вазирлик ва идораларнинг ҳаракатларини тизимли асосда мувофиқлаштириш даражасини ошириш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, белгиланган муддатларни кечиктиришга йўл қўйилмаслик зарурлиги алоҳида таъкидланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Йиғилиш якунида республиканинг ЖСТга қўшилиши бўйича навбатдаги музокараларни самарали ва сифатли ташкил этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва аъзо бўлишнинг жорий ҳолатини таҳлил қилиш бўйича ҳафталик ишчи муҳокамалар ўтказишга қарор қилинди.