Ўзбекистоннинг халқаро ҳаво қатновлари фаоллашиб бораётгани боис хорижий давлатларга, жумладан, Украинага йўл олаётган республикамиз фуқароларининг сони ортаётгани кузатиляпти. Мамлакатимизнинг Киевдаги элчихонаси маълум қилишича, уларнинг аксарияти Украина ҳудудидан Европа давлатларига чиқиш учун транзит зонаси сифатида фойдаланишга интиляпти.

Бу ҳолат Киевда Европа давлатларига бориш учун хизмат кўрсатадиган қатор виза марказлари фаолият кўрсатаётгани, Европа шаҳарларига авиа чипталарнинг нисбатан арзонлиги ҳамда Ғарб мамлакатларига ишчи кучини жўнатиш билан шуғулланадиган жисмоний ва юридик шахслар (воситачилар) иш олиб бораётгани билан изоҳланади.

Бироқ ўрганишлар шуни кўрсатяптики, мамлакатимиз фуқаролари аксарият ҳолларда маҳаллий тилда сўзлаша олмаслиги, ҳуқуқий билимсизлиги ва бошқа сабаблар билан турли фирибгарларнинг тузоғига тушиб қоляпти.

Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украина орқали Европа давлатларига бормоқчи бўлаётган мамлакатимиз фуқароларига мурожаат йўллади.

Унда, жумладан, сўнгги пайтларда Украинада турли фирибгарлар томонидан ташкил этилган уюшган гуруҳлар томонидан юртдошларимизга Европа ва Америка мамлакатларига ишга бориш учун ёрдам кўрсатишни ваъда қилиш ҳолатлари кўп учраётгани маълум қилинар экан, бундай гуруҳлар вакиллари моддий манфаатдорлик эвазига қисқа муддатда расмий хорижий виза ва зарур ҳужжатларни тайёрлаб бериш хизматларини таклиф қилаётгани қайд этилган.

«Айрим фуқароларимиз билиб-билмай ана шундай фирибгарларнинг алдовига учиши оқибатида пулидан айрилиб, бегона юртларда қийин аҳволга тушиб қолмоқда. Яна ачинарли томони шундаки, ватандошларимиз ўзга давлат қонунчилигини бузгани учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳоллари ҳам содир бўляпти», — дея таъкидланади элчихонанинг мурожаатида.

Юқоридагиларни назарда тутган ҳолда, мамлакатимиз дипломатия ваколатхонаси фуқароларимиздан эҳтиёт бўлишни, зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилишни сўраган. Мурожаатномада Украинада бундай ноқонуний ҳаракатлар билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан қонун доирасида жавобгарлик белгилангани ҳам эслатиб ўтилган, деб хабар беради «Дунё» АА.

Шунингдк, хабар орқали, фирибгарларнинг ноқонуний ҳаракатидан жабр кўрган мамлакатимиз фуқаролари Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонасига +38 (044) 501-41-82 ва +38 (044) 501-41-83 телефон рақамлари, embassy@uzbekistan.org.ua электрон почтаси ёхуд +38 (097) 579-23-66 рақамига уланган Телеграм тармоғи орқали мурожаат қилиши мумкинлиги ҳам кўрсатилган.