Ушбу мамлакатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан вазиятга нисбатан вазмин ва хотиржам муносабатда бўлиш, асоссиз хавотир ва ортиқча ваҳимага берилмасликлари сўралди.

Ҳозирги вақтда қабул қилувчи давлатлар томонидан вазиятни барқарорлаштириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари томонидан юртдошларга ҳар томонлама консуллик кўмагини кўрсатиш масалалари доимий назоратга олинган.

Дипломатик ваколатхоналар ва тегишли консуллик хизматлари 24/7 режимида фаолият юритмоқда. Фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва тезкор кўриб чиқиш мақсадида махсус @tiv_yordam_bot ишга туширилган бўлиб, келиб тушаётган мурожаатларга қисқа муддатларда жавоб қайтарилмоқда.

Шунингдек, вазиятдан келиб чиққан ҳолда юртдошларни Ватанга қайтариш масаласи ҳам доимий эътибор марказида турибди. Дипломатик ваколатхоналар авиакомпаниялар ва маҳаллий ваколатли идоралар билан ҳамкорликда фуқароларнинг хавфсиз тарзда Ўзбекистонга қайтишини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Ўз навбатида, фуқаролардан қабул қилувчи давлатларнинг амалдаги қонунчилиги ва ички тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилиш сўралди. Шунингдек, вазиятга оид маълумотларни фақат расмий манбалар орқали олиш, тасдиқланмаган хабар ва миш-мишларга ишонмаслик тавсия этилди.