13 март куни соат 07:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасининг 32 934 нафар фуқароси Ватанга қайтарилди.

12 март куни мамлакатимизнинг Қатардаги элчихонаси томонидан 49 нафар юртдошимиз БАА ва Саудия Арабистонига етказилиб, сўнгра Тошкентга учиб кетишлари таъминланди. Айни пайтда навбатдаги фуқаролар гуруҳи шакллантирилиб, уларнинг Доҳа шаҳридан Дубай орқали Ўзбекистонга қайтиши масалалари ишлаб чиқилмоқда.

БААдаги дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан 147 нафар фуқаронинг Тошкентга учиб кетишига кўмаклашилди.

Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси томонидан 5 нафар ватандошимизнинг қўшни давлатлар ҳудуди орқали чиқиб кетиши таъминланди. Ватанга қайтиш истагини билдирган фуқаролар билан ишлар давом эттирилмоқда.

Исроилдаги дипломатларимиз томонидан 4 нафар фуқаронинг Миср орқали Ўзбекистонга қайтиши ташкил этилди.

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси, Жидда шаҳридаги бош консулхонаси ва Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда чартер рейслари орқали 2 735 нафар фуқаронинг Ватанга қайтиши таъминланди. Мазкур мамлакатда эвакуация тадбирлари якунланди.

Ўзбекистон фуқароларининг хавфсиз тарзда Ватанга қайтарилишини таъминлаш бўйича дипломатик ваколатхоналар фаолияти давом этмоқда.