Ўзбек дипломатлари ватандошларимизнинг Польша чегарасидаги «Карчова» назорат пунктидан ўтиш масаласини мувофиқлаштирмоқда.
Ўзбекистон фуқаролари, асосан, болали аёлларнинг тунаши учун шароитлар яратилмоқда, иссиқ кўрпалар бериляпти, зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Польша чегарасидан ўтган мамлакатимиз фуқароларини Катовица шаҳри аэропортига етказиш учун (оралиқ масофа 340 километр) элчихона томонидан 5 автобус ижарага олинган.
Ўзбекистон элчихонаси ходимлари «Карчова» назорат ўтказиш пости ва Катовице аэропортида доимий бўлиб турибди. Дипломатлар фуқароларимизнинг муаммоларини ҳал этиб, уларни аэропортда бир жойга жамланишини ташкил қилмоқда. Барча эвакуация қилинадиган юртдошларимиз учун аэропортда иссиқ овқат ташкил қилинди.
Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонасида ташкил этилган тезкор штаб туну-кун фаолият кўрсатмоқда. Штабга дипломатлардан ташқари диаспора вакиллари ҳам жалб этилди.
Фуқароларимизни Польшадан Ўзбекистонга етказиш учун «Uzbekistan Airways» АЖ махсус самолёти парвозини ташкил этиш масаласи ишлаб чиқилди. Биринчи самолёт Ўзбекистондан 28 февраль куни эрта тонгда парвоз қилган.
Польшадаги мамлакатимиз элчихонаси консуллик бўлими томонидан турли сабабларга кўра, шахсий ҳужжатларини йўқотган 30 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаросига Ватанга қайтишга сертификатлар берилди.
Элчихонанинг Польша ташқи ишлар вазирлиги мурожаатига биноан, ушбу мамлакат ҳукумати Ватанга қайтаётган ўзбекистонликлар учун ПЦР-тест сертификати, шунингдек, Польшага кириш визасини рўйхатдан ўтказиш талабини вақтинча бекор қилди.
Шу билан бирга Польша томони чегара пунктларида зарур тартиб қоидаларни тўғри тушунишни ва чет эл фуқароларини имкон қадар тезроқ ўз юртига жўнатиш ишларини таъминлашни сўрамоқда.
Юртдошларимиз ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонасида ташкил этилган тезкор штабнинг қуйидаги координаторларига мурожаат қилиши мумкин:
Маъруф Каримов («Карчова» НЎП) – тел. +48 508 064 333; телеграм: +99893 5947557;
Асқар Бекназаров (Катовице шаҳри аэропорти) – тел. +48 508 995 888; телеграм: +99890 1160084;
Сардор Аҳматов (элчихона) – тел. +48 502 501 588; телеграм: +99894 6541010.