Куни кеча ўтказилган мазкур йиғилишда Муассаса ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятининг 7 ойлик якунлари жиддий, танқидий таҳлил қилинди. Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Б.Аҳмедов очиб, бугунги кунда юртимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш учун катта эътибор қаратилаётганлиги, кўплаб имкониятлар яратилаётгани, бу эса бутун маданият вазирлиги тизим ташкилотлари ходимлари ҳамда санъат аҳлига қувонч бағишлаши баробарида, юксак масъулият ҳам юклашини маълум қилиб, бунда ҳар бир ходим катта ислоҳотлар билан тобора ривожланиш сари юз тутаётган мамлакатимиз тараққиётига ҳамда Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан олиб борилаётган кенг ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, айни жараёнда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси олдида ҳам жуда катта вазифалар турганлигини аммо уларни бажаришда ҳудудий бўлимлар томонидан сусткашликларга йўл қўйилаётганини билдириб, қониқарсиз натижа кўрсатаётган ходимлар иш фаолиятини чуқур таҳлил қилиш ва мавжуд масалаларга аниқ ечим топиш ҳақида Муассаса раҳбариятига топшириқ берди.

Шундан сўнг, йиғилиш “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси раҳбари Ж.Узоқов бошчилигида давом этди ва кун тартибидаги масалаларга навбат берилди. Унга кўра, йил бошидан буён иш фаолиятидаги лицензиялаш, концерт-томоша фаолиятини ташкил этиш, ижодкор ёшлар билан ишлаш ҳамда Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини кенг нишонлаш борасида кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари, ёш иқтидорларни кашф этиш каби бир қатор масалалар бўйича ҳудудий бўлимлар ҳисоботлари кўриб чиқилиб, жиддий таҳлил қилинди.

Натижаларга кўра, иш фаолияти мутлақо қониқарсиз деб топилган Тошкент, Фарғона ва Сирдарё вилоятлари бўлим бошлиқлари лавозимидан озод этилди. Бундан ташқари бир қатор камчиликларга йўл қўйганлиги учун Наманган, Андижон, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Бухоро вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри ҳудудий бўлим бошлиқларига ҳайфсан берилди. Хоразм вилояти бўлим бошлиғига янги тайинлангани муносабати санъат жиҳатидан воҳанинг имконияти жуда юқори эканлиги ҳисобга олиниб, бир ой давомида Муассаса фаолиятига оид ҳудуддаги барча кўрсаткичларни яхшилаш ҳақида кўрсатма берилди.

Йиғилиш якунида Ж. Узоқов кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан барча тўғри хулоса қилиши кераклиги, бундан кейинги иш фаолиятини қатъий талаб асосида олиб боришини, камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиб, натижаларни яхшилашини, шунингдек, ҳудудларда ижод қилаётган истеъдодли ёшларни, янги овозларни кашф этиш, уларнинг ижодига кўмаклашиш борасида доимий изланишда бўлиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари, йиғилиш иштирокчиларига доимий равишда устоз-шогирд анъаналари асосида катта авлод санъаткорлари ҳамда ёш истеъдодларнинг маҳорат сабоқларини ташкил этиб бориш, янги қўшиқлар куйланиши учун шоир-бастакор ва хонанда ижодий учлигининг ҳамкорлигини таъминлаш, жойлардаги телеканаллар билан устоз санъаткорлар ҳақида турли кўрсатувлар тайёрлаш каби ижодни рағбатлантиришга оид бир қатор вазифалар ҳам белгилаб берилди.