Мамлакатимизда ҳар жабҳада олға бораётган, талай ютуқларга эришаётган кўплаб илғор ёшлар кашф этилмоқда. Бинобарин, йил номланишининг ўзиёқ бу жараённинг янада жадаллашиши, фарзандларимиз ҳаётининг тубдан ўзгаришига замин яратаётганидан дарак бермоқда. Жамиятда ўз ўрнини топаётган, катта ютуқларга эришаётган ўғил-қизлар кўп. Яратилаётган шароитлар уларни янада руҳлантираётгани, олға одимлашга ундаётгани шубҳасиз.
— Ҳозир вилоятимизда мингдан зиёд ёш тадбиркор фаолият юритяпти. Давлатимиз томонидан берилаётган имкониятлар уларнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда катта аҳамият касб этмоқда, — дейди Ёшлар иттифоқининг Жиззах вилояти кенгаши раиси Муродбек Раҳмонбердиев. — Соҳани ривожлантиришга доир қонунчилик ҳужжатларида белгиланган кўплаб имтиёзлар туфайли воҳамиз ёшлари ўз маҳсулотлари билан хорижга чиқаётгани кишини хурсанд қилади.
Жиззахлик Маржона Валиева республика ихтисослаштирилган дизайн мактаби битирувчиси. Иқтидорли қиз ўтган йили Рим шаҳрида ўтказилган ёш дизайнерлар танловида иштирок этиб, 30 нафар рақобатчиси орасида 1-ўринга сазовор бўлди. Беллашувда Маржонанинг “Ўзбекистон тарихи” кўргазмаси намойиш этилди. Миллий матолардан тикилган либослар коллекциясига ҳакамлар ҳайъати “Ўзбекистон эртаги” дея таъриф берди.
Энг муҳими, 30 давлат вакиллари орасида биринчи бўлиш ёш дизайнерни янада руҳлантирди, ўзига ишончини оширди. Бошқа мамлакатлар вакиллари билан танишиб, дўстлашди. Улар билан ҳозир ҳам мулоқотда бўлиб, ўрганганларини шахсий ательесида амалиётда қўллайди.
— Дизайнерликка 5-синфлигимдан буён қизиққанман, — дейди Маржона Валиева. — Шу кунгача 20 дан ортиқ шогирд тайёрладим. Ательемни ҳам ўзим юритаман. У ерда турли либослар тикиш билан бирга соҳага қизиқиши бор қизларни ўқитамиз. Юртимизда ёшларга берилаётган кенг имкониятдан фойдаланиб, келажакда ўз брендимни яратиб, маҳсулотларимизни дунёга олиб чиқиш ниятим бор. Бу йил АҚШда бўлиб ўтадиган модалар кўргазмасида фахрли ўринга эришишни мақсад қилганман.
Дилноза Эралиева асли тиббиёт ходими. Ёшлигидан ҳунармандликка қизиқади. Гул ясашни 5-синфлигида онасидан ўрганган. Карантин пайти унинг учун сермаҳсул палла бўлди. Уч-тўрт ой уйда ўтириб, ҳунарини такомиллаштирди. Янги йўналишда ижод қила бошлади.
— Уйда бор хомашёлардан фойдаланиб, ўйинчоқлар тўқий бошладим, — дейди ҳунарманд. — Ҳозир фақат буюртма бўйича ишлайман. Кўпроқ мактабларга кўргазма, хоналарни безаш учун сотиб олишади. Буюртмаларни Тошкент шаҳрига жўнатаман. Ясаган ўйинчоқларим 30 мингдан 250 минг сўмгача нархда сотилади. Асосан, мультфильм қаҳрамонларини ясайман.
Бир ойда ўйинчоқлар хомашёси учун 400-500 минг сўм сарфласам, 3 миллион сўм фойда келтиради. Битта қўғирчоқни шошилинч икки кунда, бўлмаса, бемалол 4-5 кунда тайёрлайман. Бундан ташқари, байрамларда гулдасталар ясаб сотувга чиқарамиз. Вилоят “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлдим. У ердагилар йўл-йўриқ кўрсатиб, кўмаклашди. Буларнинг бари менга катта ёрдам бўлди. Энди маҳсулотларим учун субсидия ажратилиб, банкда ҳисобрақам очилади.
Дилноза бирорта ўйинчоқни ясашдан аввал қизиқарли мультфильм қаҳрамонлари образини излайди. Уларнинг шаклу шамойили асосида қўғирчоқлар тайёрлайди. “Келгусида ўз брендимни яратиб, уни “Қувноқ қўғирчоқлар” дея номламоқчиман. Токи мен ясаган ёқимтой ўйинчоқлар болаларга хурсандлик улашсин. Ҳозир шунинг устида ишлаяпман. Mаҳсулотларни экспорт қилиш режамизда бор.
Аввало, Марказий Осиё миқёсида танилишни ният қилганмиз”, дейди ҳунарманд. Бугунги кунда туризм соҳасида фаолият юритаётган кўплаб ҳунармандлар маҳсулотларини кўргазмалар, ҳунармандлик дўконлари, хорижий савдо уйларида намойиш этиш учун сотувга қўяди. Натижада қизиқиш билдирган давлатлар вакиллари билан шартномалар тузиш, маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти туғилади. Дилноза ҳам тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, миллий эртак қаҳрамонлари қиёфасини акс эттирувчи қўғирчоқлар тайёрлашга қатъий киришган.