Ўзбекистон жаҳон иқтисодий ҳамжамиятига тобора яқиндан интеграциялашиб бораркан, ташқи савдо-иқтисодий муносабатлар халқаро стандартларга мос равишда тараққиётни талаб этади.

Бошқача айтганда, глобаллашган жаҳон иқтисодиёти тизимида у ёки бу турдаги товар ёки хизматнинг сотилиши, ўз харидорларига эга бўлиши ва ушбу турдаги товар ёки хизматларнинг ўрнини босувчи рақобатчилари билан муносиб рақобат қила олишига халқаро стандарт сертификатига эришиш жуда катта таъсир кўрсатади. Ана шундай халқаро стандартлардан бири ISO (International Organization for Standartization) — Халқаро Стандартлаштириш Ташкилотининг стандартлари мажмуасидир.

2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган мақсадлардан бири республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш орқали 2026 йилда республика экспорт ҳажмларини 30 миллиард долларга етказиш ва бунинг учун ташқи бозор ва халқаро талабларга жавоб берадиган стандартларни жорий этиш ва машҳур брендларни жалб қилиш ҳисобланади.

Шу мақсадда «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан ҳам тизимда ISO 9001:2015 стандарти бўйича халқаро сифат менежмент тизимини жорий этиш бўйича бир қатор чора тадбирлар амалга оширилди.

Юқоридаги тадбирлар ўз самараси натижасида «Ўзбек-Турк Тест Маркази» ҚК томонидан «Ўзчармсаноат» уюшмасига янги таҳрирдаги ISO 9001:2015 стандарти бўйича халқаро сифат менежмент тизими сертификати топширилди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси тизимида халқаро сифат менежменти тизимининг жорий этилиши уюшма олдига қўйилган вазифаларни сифатли ижро этиш, хусусан соҳа корхоналарининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, янги бозорларга чиқиш, соҳа маҳсулотларининг экспорт географиясини янада кенгайтириш имконини беради.