Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Россия Федерациясининг Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича Федерал хизматининг раҳбарияти билан олиб борилган мунтазам музокаралар ва маслаҳатлашувлар натижаларига кўра, Россельхознадзор томонидан жорий йилнинг 18 декабридан бошлаб Фарғона вилоятида жойлашган 7та корхонадан Россия Федерацияси ҳудудига помидор ва қалампир маҳсулотларини олиб киришга рухсат берилгани тўғрисида хабар беради. Ушбу корхоналарда помидор ва қалампир маҳсулотларида 2020 йилда ЕОИИ давлатлари учун карантин объектлар ва помидор жигарранг бужмайиши вируси аниқланмаган.  Россельхознадзор расмий веб сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан Фарғона вилоятидаги етиштирувчи ҳудудларни ўрганиш натижалари ва иссиқхоналарнинг ҳолатини таҳлил қилиш тўғрисидаги тақдим этилган маълумотлар асосида қабул қилингани кўрсатилган.

Дастлабки босқичда помидор маҳсулотини МЧЖ “Golden Tree” (Кўштепа тумани), ФХ “Фарход Ранчо” (Кувасой ш.), МЧЖ “Фаргона Зиё қурувчи” (Кувасой ш.) ҳамда қалампир маҳсулотини ФХ “Новая волна” (Олтиариқ тумани), МЧЖ “Жилокор Замини” (Данғара тумани), МЧЖ “Саодатли Дил Фаровон” (Данғара тумани), МЧЖ “Юлдашев Элдор” (Бешариқ тумани) корхоналаридан олиб киришга рухсат этилди.

Шу билан бир қаторда, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Россельхознадзор билан вақтинчалик чекловларни бекор қилиш юзасидан мувофиқлаштирилган қўшма тадбирлар давом этаёганини маълум қилади.