Ўзбекистонда муқаддас қадамжолар ва ёдгорликликларга ҳурматсизлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Мазкур чора парламентнинг юқори палатаси томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.

Сенаторларларнинг таъкидлашича, амалдаги қонунчиликда халқимизга хос миллий ва умуминсоний қадриятларга, муқаддас   қадамжоларга, шунингдек улуғ давлат ва жамоат арбоблари хотирасини абадийлаштириш мақсадида мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим тарихий воқеаларга, миллий қахрамонларга бағишлаб ўрнатилган ёдгорликларга ҳурматсизлик қилиш учун жавобгарликни белгилашда айрим бўшлиқлар мавжуд.

Етказилган зарар кичик ва катта бўлмаган турларга тавсифланади. Кичик зарар деганда БҲМнинг 30 бараваригача, катта бўлмаган зарар деганда БҲМнинг 30 бараваридан 100 бараваригача бўлган миқдор тушунилади. Сенаторларнинг фикрича, янги қонун ёдгорликларга нисбатан ҳурматсизликнинг олдини олишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамизки, илгарироқ мамлакатда шу каби бир неча ҳолатлар қайд қилинганди. Хусусан, айрим ёш йигитлар ёдгорликларнинг устига чиқиб олиб, ТикТок ва Инстаграм учун видео суратга олишган. Қолаверса, ўсмирлар ёдгорликларга   шикаст етказишган, тошда муҳрланган жамоат арбоблари хотирасини   ҳақорат қилишган.