Вилоятда ишсизлик 9,1 фоиздан 7 фоизга тушди. Аҳолининг тадбиркорликдан олаётган даромади 1,5 бараварга ошган.
Давлатимиз раҳбари бу кўрсаткичлар ҳали етарли эмаслигини, яна 400 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Янги рейтинг бўйича Андижондаги бор-йўғи 461 нафар тадбиркор юқори баҳолангани, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш сустлиги кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга 335 минг аҳолини ишли қилиш, тадбиркорлик лойиҳаларига 8 триллион сўм кредит бериш, аҳолини кичик бизнесга кенг жалб қилиш орқали Хўжаобод, Шаҳрихон, Булоқбоши туманларида камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш намунасини яратиш топширилди.
Андижонда 225 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилган. Молиявий кўмак берилгани натижасида 45 минги тадбиркорга айланди.
Шу муносабат билан 200 миллиард сўм ресурс ажратиб, ўзини ўзи банд қилган яна 40 минг аҳоли тадбиркорга айланишига кўмаклашиш топширилди.
Вилоятнинг 16 та тумани ва шаҳрида камида биттадан микрокредит ташкилотини очиб, 30 минг аҳоли ва тадбиркорга молиявий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.