Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда ЎзТТСА қошидаги “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДУК томонидан халқаро эксперт Вани Бамри Арора хоним иштирокида озиқ-овқат хавфсизлигини бошқариш тизими бўйича уч кунлик ўқув курслари ташкил қилинди.
Таъкидлаш жоизки, 7 июн дунё миқёсида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги куни сифатида нишонланади. Ушбу кун яна бир маротаба глобал миқёсда бу масалага жамоатчиликнинг эътибори қаратилади.
Айрим статистик маълумотларни келтириб ўтсак: йилига дунёдаги ҳар 10-одам ифлосланган маҳсулот ёки овқатдан касалланади. Озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолатлари ҳудди ОИВ/ОИТС ва безгак каби тиббиётга ўз юкламасини туширади. Бактерия, вирус, паразитлар ёки кимёвий моддалардан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш 200дан ортиқ турдаги касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.Ушбу ҳолатлар сифат назорати тизимлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди.
Сана олдидан ташкил қилинган машғулотлар дастури ISO 22003 “Озиқ-овқат хавфсизлигини бошқариш тизимлари – Озиқ-овқат хавфсизлигини бошқариш тизимлари аудити ва сертификациясини ўтказувчи органларга қўйиладиган талаблар” халқаро стандарти ва IAF MD16:2015 “Озиқ-овқат хавфсизлигини бошқариш тизимларини сертификатлаштирувчи органларни аккредитация қилишда ISO/IEC 17011 стандартини қўллаш” мажбурий ҳужжати талабларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Тренингда 20 дан зиёд мувофиқликни баҳолаш органлари ходимлари ва Марказ мутахассислари иштирок этмоқда. Ўқув курсларининг биринчи кунида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласида аккредитацияга қўйиладиган талаблар, стандарт бандларининг таркибий, ресурс ва процессуал талаблари изоҳланди. Иштирокчиларни сертификатлаштириш белгилари, лого ва бренд масалалари, сертификатлаштириш органининг мулкий ҳуқуқларидан фойдаланиш устидан тегишли назоратни олиб бориш тартиблари каби масалалар қизиқтирди. Стандарт талаблари бўйича маҳсулотларни қайта ишлаш, халқаро ҳужжатлар талабига кўра уларнинг сифатини баҳолашда алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган бандлар муҳокама қилинди. Интерактив шаклда ўтган тренинг натижалари конструктив равишда муҳокама қилинади ва ушбу машғулотлар ҳар бир иштирокчининг иш фаолиятида халқаро ҳужжатлардан малакали фойдаланишида муҳим қадам бўлади.