Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари охирги ҳафтада Ўзбекистон супермаркетларида истеъмол товарлари нархидаги ўзгаришни таҳлил қилди: тадбиркорлар берилган имтиёзни истеъмолчига ўтказишда давом этмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 23 мартдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда божхона божининг вақтинчалик ноль ставкаси қўлланиладиган товарлар рўйхати эълон қилинган эди.

Таҳлил учун супермаркетлардаги 100 турдаги 6 минг 486 та истеъмол товари бўйича статистика "data-scraping" йўли билан юклаб олинди. Ҳар бир товар тури бўйича нархлар 2023 йил 28 февраль, 31 март ва 7 апрель саналари учун солиштирилди.

Натижалар шуни кўрсатадики, шоколад маҳсулотлари март ойи охирида февраль ойидагига нисбатан 204 сўмга ва апрель ойида март ойи охиридагига нисбатан 294 сўмга, мева-сабзавот консервалари тегишли равишда 650 сўмга ва 236 сўмга, ёғ 1737 сўмга ва 1733 сўмга, ширинликлар 931 сўмга ва 199 сўмга арзонлашган.