Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўтказилган матбуот анжуманида соғлом ва хавфсиз овқатланишни ташкил қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини тасдиқлаш мақсадида республикада ишлаб чиқарилаётган ва республика ҳудудига олиб кирилаётган маҳсулотларга санитария-эпидемиологик хулосалар расмийлаштириб келинмоқда. Бугунги кунда ушбу жараён “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига орқали амалга оширилиб, санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириб бериш электрон тизим орқали йўлга қўйилган. Санитария-эпидемиология хулосасини расмийлаштириш жараёнида 2022 йилнинг 10 ой давомида ўрганиш ҳамда лаборатория таҳлилилари натижаларига кўра норматив хужжатлар талабларига жавоб бермаган жами 3540,8 тонна ва 4623 литр озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилган ва белгиланган тартибда йўқ қилинган ёки қайта ишланган.
Таъкидланишича, аҳоли орасида юқумли ошқозон-ичак касалликлари ва гуруҳли овқатдан заҳарланиш холатларининг олдини олиш борасида ҳудудларда 1007 нафар мутахасисслар бириктирилган. Ҳамкорликда ташкил этилган ишчи гуруҳлар таркибида 1150 та рейдлар ташкил этилди, 149 маротаба бозорларда, 375 та умумий овқатланиш корхоналарида, 597 та савдо дўконларида ва 142 та озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналарида ўрганишлар ўтказилди. Аниқланган камчилар юзасидан 228 нафар фуқарога нисбатан маъмурий чора қўлланилиб, сифатсиз деб топилган 36475 кг озиқ-овқат маҳсулотларининг савдоси тақиқланди. 564 нафар ишчи ходим тиббий кўрикдан ўтмагани учун вақтинча ишдан четлаштирилди. 25 та объектнинг иш фаолияти аниқланган камчиликларни бартараф этгунга қадар вақтинча тўхтатилди.
Бироқ озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги тизимида ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги, аҳоли ва тадбиркорларнинг санитария билимлари ва гигиеник кўникмалари етарли даражада эмаслиги натижасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилиб келинмоқда.
Анжуманда Санитария-эпидемиология хизмати олдида амалга оширилаётган ишларни давом эттириш — норматив ҳужжатларни халқаро талабларга мувофиқ уйғунлаштириш, назорат функцияларини хавфни таҳлил қилган ҳамда объектларнинг санитария-гигиеник ҳолатини инобатга олган ҳолда ўтказиш, аҳоли орасида овқатдан заҳарланишларни олдини олиш ва бунинг натижасида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш вазифалари хусусида ОАВ вакилларига маълумот берилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати
Матбуот хизмати