Транспорт-логистика, ўғит ва ёқилғи харажатлари ошиб кетиши эса мавжуд вазиятни янада мураккаблаштириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи ошишига сабаб бўляпти.
Жумладан, охирги икки йилда озиқ-овқат инфляцияси йилига 15-20 фоиздан пасаймаяпти. Ўсимлик ёғи, сут ва гўшт нархи сўнгги 30 йилдаги, дон маҳсулотлари ва шакар эса сўнгги 10 йилдаги энг юқори даражага кўтарилган. Таҳлилларга кўра, бу ҳолат жорий ва келгуси йилларда ҳам сақланиб қолади.
Бундай вазиятда, аввало, бозорларимиз, яъни аҳоли талабини қондириш, бунинг учун эса фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш талаб этилади.
Президентимиз раислигида шу йил 23 март куни озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, баҳорги экин мавсумини самарали ташкил этиш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, зарур вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг ўша куни қабул қилинган “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2024 йил 1 январгача 35 турдаги озиқовқат маҳсулотига божлардан имтиёз берилди. Бундан ташқари, 1 майдан ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харидидан қўшилган қиймат солиғи қайтарилиши белгиланди. Бу 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик яратиши билан аҳамиятлидир.
Умуман олганда, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга эга. Аҳоли бандлиги, бозорларимиз тўкинлигидан тортиб экспортдан қўшимча даромад топишгача бўлган жуда кўп масалалар айнан шу соҳа билан боғлиқ.
Айнан шунинг учун ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва соҳада бозор механизмларини жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Табиийки, ушбу ҳолат, биринчи навбатда, юқори самарадорликка эришиш, ички бозорларимизда тўкин-сочинлик, нархлар барқарорлигини таъминлаш билан бирга, жаҳон бозоридаги юқори талабни ўзлаштиришда айни муддао бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалиги масаласини алоҳида эътиборга олиб, доим соҳадаги долзарб вазифаларни тез-тез муҳокама қилиб бораётгани бежиз эмас. Чунки қишлоқ хўжалиги иқтисодиётимизнинг тўртдан бир қисмини ташкил этадиган муҳим соҳа. Бунинг замирида халқимиз фаровонлиги, нарх-наво барқарорлиги, қанча иш ўринлари ётибди.
Маълумки, яқин-яқингача соҳада ўзининг ҳуқуқий ва амалий ечимини кутаётган муаммоли масалаларнинг мавжудлиги юртимизда қишлоқ хўжалигини ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб келди. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган стратегия йўқлиги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш, ишлаб чиқарувчиларнинг юқори даромад олиши ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга тўсқинлик қилди.
Ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди
Мавжуд вазият соҳада ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, кооперация муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, мулк ҳуқуқини кафолатлаш, соҳага бозор механизмларини жорий этишни тақозо этаётган эди.
Президентимизнинг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан фуқароларга фермер, деҳқон хўжаликлари ташкил этишлари учун қулай имконият яратиб берилди. Бунда туман захирасида турган барча йўналишдаги ер майдонлари очиқ электрон танловга чиқариляпти. Очиқлик ва шаффофлик натижасида ер ҳақиқий эгасини топмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 24 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза бўлган тақдирдагина, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш мумкинлиги белгиланди. Ўз навбатида, ўрнатилаётган бу тартиб ер билан боғлиқ муаммолар туфайли шашти сусайган фермер ва деҳқонларимизнинг ерга, мулкка бўлган ишончини мустаҳкамлади.
Талабгорларга ер ажратиш ва уларнинг ерга бўлган мулк ҳуқуқи мустаҳкамланиши баробарида ердан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни оширишга қаратилган қатор ҳужжатлар ҳам қабул қилинди.
Жумладан, Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари билан ҳудудларда фермер ҳўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги пахта ва ғалладан қисқартирилган, аҳоли пунктларига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган ерлардан 2022 йилда умумий 100 минг гектар, 2023 йилда эса 95 минг 169 гектар экин майдонини аҳолига “E-AUKSION” электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов орқали ижарага бериш белгиланди.
Натижада 155 минг 785 гектар пахта ва ғалладан қисқартирилган ер аҳолига деҳқончилик қилиш орқали даромадларини ошириш учун бўлиб берилди. Бу ерларда қарийб 600 минг деҳқон хўжаликлари ташкил этилиб, ўтган йили мўл ҳосил олинди. Жорий мавсум ҳам ғалла, картошка, полиз ва сабзавот ҳамда бошқа экинлар экилиб, парваришланмоқда.
Олинган мўл ҳосил эса бозорларимиз тўкинлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаш билан бирга, деҳқонларимиз оилалари учун меҳнатига яраша яхшигина қўшимча даромад бўлди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида кўрилган бу каби амалий таъсирчан чоралар натижасида етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажми сезиларли даражада ошди. Буни биргина мева-сабзавот экспорти 1,7 бараварга ошиб, 1,1 миллиард долларни ташкил этгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Аҳолига ерларни бўлиб бериш ҳисобига ўтган йили қўшимча 1 миллион тоннадан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилди.
Аграр тармоқда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси ҳақида гап кетганда, бу борада аввало, икки асосий йўналиш – пахтачилик ва ғаллачиликда бозор тамойилларининг татбиқ этилишини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.
Бозор тамойиллари – муваффақиятга эришишнинг бош омили
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аграр соҳани янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар, жумладан, қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини жорий этиш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини 2 баравар ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Шунингдек,, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш муҳим йўналиш сифатида белгиланган.
Мана шу белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилди ҳамда пахта хомашёсини етиштирувчи фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, кооперацияларга ғўза навларини эркин жойлаштириш ҳуқуқи берилди.
Қарорга мувофиқ, жаҳон бозори нархлари таҳлилидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил ҳосили учун кутилаётган минимал нархлар эълон қилиниши белгиланди. Пахта хомашёси нархининг бозор тамойиллари асосида эркинлаштириши деҳқонларимиз учун кўпроқ даромад олиш имкониятини яратди.
Президентимизнинг 2021 йил 10 ноябрдаги “Пахта хомашёсини етиштириш ва унинг йиғим-терим харажатларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан эса 2023 йил ҳосилидан бошлаб пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликларига пахта хомашёси етиштириш учун олдиндан тўлов пул шаклида амалга оширилиши, бунда, олдиндан тўловни натура шаклида амалга оширишга йўл қўйилмаслиги, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, техника ва техника хизматларига оид масалаларни мустақил ҳал қилиши, бунга ҳар қандай тарзда аралашиш тақиқланиши белгиланди. Бу вазифа кластерлар ва фермер хўжаликларининг ўзаро муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, пировардида, ердан самарали фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришишга хизмат қилади.
Пахтачилик йўналишида давлат аралашувининг қисқариши, нархларнинг бозор тамойиллари асосида эркинлашиши натижасида ҳосилдорлик муттасил ошиб бормоқда. Хусусан, 2019 йилда юртимизда пахта ҳосилдорлиги ўртача 27,4 центнерни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 29,6, 2021 йилда 32,4 центнерга етган. 2022 йил мавсумида эса пахтакорларимиз ҳосилдорликни 2019 йилга нисбатан қарийб 6 центнерга ошириб, гектаридан ўртача 33,8 центнер ҳосил олишга эришди. Етиштирилган ялпи ҳосил ҳажми ҳам мос равишда ўсиб борди.
Ҳосилдорлик ярим баробардан кўпроққа ошди
Дунёда ғалла етиштирувчи мамлакатлар жуда кўп. Масалан, АҚШ ва Канада биргаликда дунё буғдойининг асосий қисмини ишлаб чиқаради. Сўнгги йилларда кузатилган ва муттасиллиги прогноз қилинаётган қурғоқчилик ҳамда давлатлар ўртасидаги ўзаро низолар сабаб жаҳон бозорида дон маҳсулотлари қимматлашмоқда.
Буларни нега эслаб ўтяпмиз? Негаки, бундай вазиятда ҳар бир давлат аҳолининг асосий истеъмол маҳсулоти ҳисобланган дон маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш бўйича зарур чораларни кўриши керак бўлади.
Мамлакатимизда айни мақсад, яъни аҳолини бошоқли дон маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, ҳосилдорликни оширишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди. Бу борада пахтачиликда бўлгани каби ғаллачиликда ҳам соҳага бозор тамойилларининг жорий этилиши самарадорликка эришишнинг муҳим омили бўлди.
Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2020 йил ҳосилидан бошлаб давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинди. 2021 йил ҳосилидан бошлаб эса давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилди, давлат хариди тўлиқ бекор қилинди ҳамда фермерлар ва бошқа корхоналар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчилар, шу жумладан, донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин нархларда сотилиши белгиланди. Бу ўзгаришлар ўз навбатида, фермер ва деҳқонларимизнинг манфаатдорлигини ошириб, юқори ҳосил олиш орқали кўпроқ даромад топиш истагини рағбатлантирди.
2021 йил 15 ноябрдаги “Ғаллани етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ эса давлат бошқаруви органлари, шу жумладан, барча даражадаги маҳаллий ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошоқли дон етиштиришда агротехник тадбирларни ўтказиш, моддий-техник ресурслар билан таъминлаш, ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш йўналишлари, буғдойни сотиш жараёнлари, шу жумладан, шартномалар тузиш, хўжаликларни дон тайёрлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи маълум корхоналарга бириктириш, республика ҳудудлари ўртасидаги ички ташувларга аралашуви қатъиян тақиқланади. Ушбу тақиқлар ғаллачилик ривожи учун жуда муҳим ва зарур эди. Чунки биласиз, яқин-яқингача амалда бўлиб келган тартибга кўра, ғаллани фермер етиштирган билан, ҳосилнинг “эгаси” бошқалар эди.
Президентимизнинг 2022 йил 28 майдаги “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларининг моддий манфаатдорлиги оширилди, ғаллани давлат эҳтиёжлари учун зарур ҳажмдан ортиқ харид қилишдан воз кечилди.
Бошоқли дон сотишда давлат ресурсларига харид қилинадиган товар буғдой учун ишлаб чиқарувчилар билан бир тоннасига белгиланган дастлабки босқичда 3 миллион сўмдан ҳисоб-китоб қилинди.
Биржа савдоларига қабул қилинган буғдойни июль ойидан, маҳсулот етиштирувчиларнинг имкониятидан келиб чиқиб биржа савдоларига чиқарилди. Фермер хўжаликлари томонидан биржа савдоларига қўйилган 1 тонна буғдой 3,2-3,5 миллион сўмгача сотилди.
Фермер ва деҳқонларимизнинг манфаатдорлиги ошиб боришига мос равишда ҳосилдорлик ҳам ошди. Хусусан, бошоқли дон маҳсулотларининг ҳар бир гектаридан 2021 йилда ўртача 40,9 центнердан ҳосил олинган бўлса, 2022 йилда ҳосилдорлик ўртача 69,7 центнерга тўғри келди.
Кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва соҳада бозор механизмларини жорий этиш борасида давлат харид нархлари қарийб 3 баробарга кўпайтирилгани натижасида фермерлар даромади 2 бараварга ошди. Умуман олганда эса, пахтачилик ва ғаллачилик аввалгидек ҳашар эмас, чинакам даромад манбаига айланди.
Зафар МУСТАФАҚУЛОВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари