Тўртинчи бор ўтказилаётган мазкур йирик тадбир Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети томонидан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги бўйича тадқиқотлар олиб борувчи халқаро марказ (ICARDA) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анжуманда жаҳоннинг 20 дан ортиқ давлатлари олимлари, экспертлар, инвесторлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирнинг очилиши маросимида таъкидланганидек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дунёдаги энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Сабаби, сайёрамиз аҳолисининг истеъмол маҳсулотларига бўлган талаби йил сайин ортиб бормоқда. Бироқ иқлим ўзгариши оқибатида кузатилаётган сув тақчиллиги, экин майдонларининг унумдорлиги пасайиб кетиши ва бошқа эколгик омиллар таъсирида қишлоқ хўжалиги экинларидан мўлжалдаги ҳосилни олишнинг имкони бўлмаяпти. Бунинг оқибатида кўплаб давлатлар аҳолиси озиқ-овқат хавфсизлигининг оқибатларини жуда ўткир ҳис қилишмоқда.

Шу маънода юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга устувор аҳамият берилаётгани диққатга сазовор, албатта. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида ушбу масалага халқаро ҳамжамиятни яна бир бора қаратиб, жумладан, шундай деди: “Бутунжаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда.

Парадокс шундан иборатки, бир вақтнинг ўзида айнан бизнинг мамлакатларимиз жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари ҳисобланади”.

Юртимизда 2021 йилда 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 7,4 миллион тоннага яқин дон, 2,6 миллион тонна гўшт, 11 миллион тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари, 8,3 миллиард дона тухум, 400 минг тонна балиқ ва бошқа ноз-неъматлар етиштирилган.

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг айтишича, анъанавий тус олган мазкур анжуманда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида глобал масалалар муҳокама қилинаётган, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш тарғиб қилинаётгани туфайли унинг нуфузи тобора ошмоқда.

— Давлатимиз раҳбари ШҲТнинг Самарқанд саммитида келгуси йили мамлакатимизда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказишни таклиф этгани бизга қўшимча масъулият юкламоқда, — дейди Р. Холмуродов. — Бинобарин, ФАО шафелигида ташкил этиладиган мазкур форумда  Президентимиз томонидан илгари сурилаётган Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратиш, озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш, ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш каби масалалар муҳокама қилиниши кутиляпти.

Анжуман ялпи мажлисидан сўнг иштирокчилар шуъбаларга бўлинган ҳолда долзарб мавзулар маърузалар қилишяпти.