Унда ЎзЛиДеПнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнлари ва амалга оширилган ишлари хусусида сўз юритилди.
Брифингда маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнида партиядан кўрсатиладиган номзоднинг Сайловолди дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур йўналишда доимий фаолият олиб борувчи ишчи гуруҳ тузилди.
Шу йилнинг апрель-май ойларида сиёсий партияларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга таъсири ҳамда аҳолининг сиёсий жараёнларга муносабати, фикр-мулоҳазаларини атрофлича ўрганиш мақсадида туман (шаҳар)ларда сўровлар ўтказилди ва унда 30 мингга яқин респондент қатнашди. Шу тариқа бўлажак сайлов олдидан аҳолининг кайфияти, уларнинг сиёсий жараёнларга, хусусан, партия томонидан амалга оширилаётган ишларга муносабати ўрганилди. Шунингдек, келгусида партия аҳоли орасига янада чуқурроқ кириб бориш учун ўз иш услубига қандай ўзгартишларни киритиш кераклиги тўғрисида хулосалар чиқарди.
Ана шу ишлар билан бир вақтда партия аввалги сайловда берилган ваъдалар ижросини ҳар бир вилоят кесимида сарҳисоб қилди. Бу йўналишда видеороликлар, мақолалар тайёрланди, шунингдек, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилинди. Шунингдек Сайлов билан боғлиқ жараёнлар учун турли ташвиқот материаллари тайёрланиб, тарқатилди. Президентликка кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури 7 та тильда китобча шаклида чиқарилиб сайловчилар эътиборига ҳавола этилди.
ЎзЛиДеПнинг 1 миллиондан зиёд аъзоси бўлиб, уларнинг ярми ёшлардир. Партия «Ёшлар қаноти» шу йил бошидан 30 га яқин мавзу ва йўналишда 4,5 мингдан зиёд тадбир ўтказди. Сайловга старт берилиши билан ҳар бир туманда фаол бўлган ёшлардан иборат жами 3,5 мингга яқин волонтёр ҳамда 70 дан зиёд ёшлар парламенти аъзоларидан иборат Ёш сайловчилар ва волонтёрлар тарғибот гуруҳлари тузилди. Ҳозирда тарғибот гуруҳлари жойларда маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Брифинг якунида оммавий ахборот воситалари учун интервью ташкил қилинди ва журналистларнинг саволларига жавоб берилди.
Баҳор ХИДИРОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири