Бугунги кунда барча соҳалар қатори маданият ва санъат ривожи учун қабул қилинаётган фармон ва қарорлар шу соҳа вакилларини мамнун қилиш билан бирга уларга жуда катта масъулият юклаши шубҳасиз.

Фикримиз далили сифатида Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги «Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини алоҳида тилга олиш жоиз. Зеро, бахшичилик санъатини ривожлантириш, аждодларимиздан бизгача етиб келган достонларни баркамол авлодга етказиш уларда бой маънавий меросимиз — халқ оғзаки ижодига нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотади. Бахшичилик санъатини ўрганиш, унинг туб илдизларини босқичма-босқич илмий таҳлил қилиб, муаммоларини бартараф этиш эса ушбу соҳа ривожини белгилаб беради. Бунинг учун дастлаб халқ оғзаки ижоди намуналарига, достончилик тарихига назар ташлаш тўғри бўлади.

Шарқ халқлари оғзаки ижодиётида бадиий-мусиқий достонлар муҳим ўрин тутади. Улар авлоддан-авлодга ўтиб келган сўз, шеър, овоз, соз ва томоша санъатини ўзида мужассамлаштирувчи бебаҳо намуналаридир. Ўзбек миллий достончилиги серқирра жабҳадаги умум туркий маданиятнинг ёрқин ва ўзига хос бир бўлаги. Зеро, қадимий ва барқарор достончилик анъаналарига эга бўлган ўзбек халқи маънавий бисотида мазмунан баркамол, шаклан ва услубан хилма-хил асарларининг ҳар бирида олам-олам қадриятлар, ижодий бойликлар миллий мерос тарзида эъзозланиб, салмоқли бадиий-мусиқий қатламни ташкил этади. Ота-боболаримиз уларни яратиш, сўзлаш, куйлаш ва тинглаш билан узоқ асрлар давомида маънавий эҳтиёжларни қондириб, келажакка ишонч руҳи билан яшаб меҳнат қилиб келган. Шунингдек, уларни замонлар эврилишидан сақлаб, достончилик анъаналарини давом эттирган ҳолда бугунги куннинг маънавий ва маърифий омили бўлиб майдонга чиқишини таъминлаган. Айниқса, Учинчи Ренессанс даврида янгича тафаккуримиз қатори жуда қадимий чашмалардан озуқа олувчи санъат турлари юксак эъзоз ва эътибор топмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам достонлар ва уларнинг қўшиқларида халқ ҳаётининг маълум тарихий тараққиёт даври учун хос бўлган муҳим масалалар кўтарилиб, ҳаққоний ёки эртакнамо воқеалар, афсона ва ривоятлар тарзида шоир ва бахшилар томонидан тўқиб ўзлаштирилган, қайта ишланган ва куйлаб келинган. Улар илҳом билан инсонлар қалб торининг ришталарини қўзғатган, таъсир қилган руҳий озуқа улашиб келган.

Шу маънода ўзбек достончилигини баркамол авлодга сингдиришда бахшичилик санъатини ривожлантириш, ёш бахшиларни тайёрлашда эса қуйидаги илмий-методик омиллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз:

— халқ оғзаки ижоди намуналарини мактабгача тайёрлаш гуруҳларида изчил ўргатиш лозим. Бунга лоф, латифа, мақол, тез айтиш, матал, турли халқ ўйинлари, санамалар киради. Буни ўргатиш жараёнида якка тартибда ва гуруҳлар асосида босқичма-босқич энг иқтидорли, ўртамиёна ёки ўзлаштириши суст бўлган болалар тарбиячи томонидан англаб олиниши ҳамда уларга ўзига хос ва мос бўлган халқ ижодиёти намуналарини ёхуд ўйинлар ҳаракатларини бажаришга ўргатиш лозим;

— бизга маълумки, умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа фани учун тайёрланган дастурларда достончилик ва бахшичилик ҳақида 5-6-синф дарсликларида ўқув дастури сифатида киритилган. Буни 1-синфдан ўқитилса, яъни терма, достонлардан парчалар ўргатилса, ўқувчиларнинг нутқини ривожлантириш билан бирга, миллий қадриятларимизни қадрлашга хизмат қилади. Бунда юқорида айтганимиздек, мавзулар ўқувчиларнинг иқтидори ва қизиқишига қараб танланади ва дарслар ташкил этилади.

— Ҳанузгача мусиқага ихтисослаштирилган мактаб, лицейларда фольклоршунослик фанига соатлар кам ажратилган. Санъатга ихтисослаштирилган баъзи мактабларда эса умуман ўқитилмайди. Бу эса бахшичилик ва достончилик ривожига тўсқинлик қилади.

— Ҳудудларда ташкил этилган маданият марказларида, санъат саройлари, соғломлаштириш сиҳатгоҳлари, умумий ўрта таълим мактабларида бахшилар билан учрашувлар, достончилик кечалари ташкил этишни йўлга қўйиш эса, ёш авлоднинг достончилик ва бахшичилик санъатини ўрганишда болалар мусиқа ва санъат мактабларида очилган 14-йўналиш — бахшичилик синфига жалб қилишга муҳим омил сифатида хизмат қилади.

Бахшичилик санъатини ўрганишнинг биринчи омили сўз санъати бўлса, иккинчи омили соз санъатидир, яъни бадиҳагўйлик ва дўмбира чертиш билан белгиланади. Шундай экан, сўз ва соз, бадиҳагўйлигу дўмбира чертишнинг нозик сир-асрорларини эртамиз эгаларига баҳолиқудрат ўргатишимиз керак.

Зеро, бахшичилик санъати ўзбек миллатига ўзлигини англатишга, баркамол авлодни маънан етук, миллий қадриятларга муҳаббатли қилиб тарбиялашга хизмат қиладиган бебаҳо мерос.

Гулбаҳор Фозилова,

Республика маданият муассасаларини ташкил этиш

илмий-методик маркази бўлим бошлиғи